Президент фармони билан туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор имтиёзларнинг амал қилиш муддатлари узайтирилади.

Хусусан, уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар қурилиши учун субсидиялар бериш муддати 2029 йил 1 январга қадар давом этади.

Меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларининг мол-мулк солиғи ҳамда ер солиғи ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициентни қўллаш муддати 2030 йил 1 январга қадар узайтирилади.

Бундан ташқари, туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобусларни божхона божидан озод қилиш имтиёзи 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.

Фармонга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан Ўзбекистон резиденти ҳисобланган туроператорларнинг хорижий сайёҳларга кўрсатган хизматларига қўшилган қиймат солиғининг нол ставкаси қўлланади.

Шу санадан бошлаб юлдузли меҳмонхона қурилиши учун субсидия олишда меҳмонхона тоифасини тасдиқлаш учун хорижий компанияларнинг хулосасини олиш талаби ҳам бекор қилинади.

Ҳужжат билан йирик миқдордаги товар ва хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш тартибига ҳам ўзгартиш киритилмоқда. Қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловлар фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши белгиланди.

Аввалги тартибда нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиниши шарт бўлган бундай тўловлар учун чегара 25 млн сўм этиб белгиланган эди.