Технология | 11:25
431
2 дақиқада ўқилади

2025 йилда сотилган ҳар 5 смартфоннинг биттаси iPhone бўлди

Counterpoint Research таҳлилига кўра, 2025 йилда смартфон бозорида Apple яна етакчиликни сақлаб қолди. Йил давомида сотилган ҳар беш смартфондан бири iPhone бўлган. Apple умумий бозорнинг 20 фоизини эгаллади ва етказиб беришни 10 фоизга оширди. Бунга асосий сабаб сифатида iPhone 17 кўрсатилмоқда. Бу модел 120 Гц экранга эга бўлган биринчи оддий iPhone бўлиб, жуда тез оммалашди.

Фото: Apple

Иккинчи ўриндан Samsung жой олди. Компания 19 фоизлик улушга эга бўлди ва сотувини 5 фоизга оширди. Қизиғи шундаки, бу ўсишни қиммат флагманлар эмас, балки арзон Galaxy A моделлари таъминлади.

Xiaomi бозорнинг 13 фоизини эгаллади, бироқ сотувлар деярли ўсмади. vivo ва OPPO эса 8 фоиздан улуш олди. vivo бироз ўсди, OPPO эса аксинча пасайди. realme эса 3 фоиз билан кичик улушда қолди. Қолган барча брендлар жами бозорнинг 32 фоизини эгаллаб турибди.

Google ва Nothing алоҳида ажралиб чиқди. Уларнинг сотувлари тез ўсди, аммо улар кўп мамлакатларда сотилмагани сабабли катта улушга эриша олмади. 2025 йилда энг тез ўсган бозорлар Япония, Яқин Шарқ ва Африка бўлди, ривожланган давлатларда эса талаб суст эди.

Мутахассислар 2026 йилда смартфонлар камроқ сотилишини кутмоқда. Нархлар ошиши ва эҳтиёт қисмлар танқислиги бунга сабаб бўлади. Хитой брендлари учун бу қийинроқ бўлади, Apple ва Samsung эса молиявий имкониятлари сабаб бу босимни енгилроқ ўтказиши мумкин.

Технологиялар тез ўзгараётган бугунги кунда энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш муҳим. Рақамли дунёда адашиб қолмаслик ва шундай янгиликларни биринчилардан билиш учун KUN.UZ Texnologiya Теlegram саҳифасини кузатиб боринг.

Тайёрлаган:  Аббос Юсуфжонов

Мавзуга оид