Apple ўз маҳсулотларининг чакана нархларини ҳар бир минтақа учун алоҳида белгилайди. Бироқ смартфоннинг якуний қийматига мамлакатлардаги солиқлар, божхона тўловлари ва бошқа йиғимлар ҳам сезиларли таъсир кўрсатади.

Visual Capitalist тақдим этган инфографикада Deutsche Bank маълумотлари асосида iPhone 17 Proʻнинг 256 GB хотирали версияси турли давлатларда қанча туриши таққосланган.

Натижалар смартфоннинг чакана нархи мамлакатга қараб икки баравардан ҳам кўпроқ фарқ қилишини кўрсатган.

Энг қиммат — Туркияда


Рейтингда биринчи ўринни Туркия эгаллаган. Бу мамлакатда iPhone 17 Pro (256 GB) учун харидор 2592 доллар тўлаши керак.

Манбага кўра, бундай юқори нарх шаклланишига Туркиядаги 20 фоизлик қўшилган қиймат солиғи, махсус истеъмол солиқлари ва қурилмани рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ йиғимлар таъсир қилмоқда.

Иккинчи ўринда Бразилия қайд этилган. У ерда смартфон 2260 доллар туради. Учинчи ўринни 1872 долларлик нарх билан Миср эгаллаган.

Европа давлатлари орасида эса iPhone 17 Pro энг қиммат Венгрияда сотилиши қайд этилган.

Японияда 1121 доллар


Таққослашда iPhone 17 Pro энг арзон сотилаётган мамлакат Япония бўлган. Бу ерда 256 GB хотирали қурилма 1121 доллар туради.

АҚШда худди шу модел учун харидорлар 1181 доллар тўлайди. Жанубий Кореяда ҳам нарх шунча — 1181 доллар.

Шу тариқа, рейтингдаги энг қиммат ва энг арзон бозор ўртасидаги фарқ 1471 долларни ташкил этмоқда. Яъни Туркияда iPhone 17 Pro Япониядагидан қарийб 2,3 баравар қиммат.

Нега нархлар бунчалик фарқ қилади?


iPhoneʼнинг турли давлатлардаги нархи фақат Apple белгилаган базавий қийматга боғлиқ эмас. Якуний чакана нархга маҳаллий солиқлар, импорт божлари, махсус истеъмол солиқлари ва бошқа йиғимлар ҳам қўшилади.

Шунингдек, айрим бозорларда сотиладиган смартфонларнинг SIM-карта конфигурацияси ҳам фарқ қилиши мумкин.

Россия рейтингга киритилмаган


Россияда Apple маҳсулотлари расман сотилмагани сабабли мамлакат умумий таққослашга киритилмаган.

Бироқ келтирилган маълумотга кўра, Россиянинг М.Видео дўконида iPhone 17 Pro (256 GB) 132 990 рублга таклиф қилинган. Бу 20 августдаги курс бўйича тахминан 1562 долларга тенг.

Ушбу нархни таққослаш шартли ҳисобланади, чунки Россияда Appleʼнинг расмий савдоси мавжуд эмас ва қурилмалар бошқа етказиб бериш механизмлари орқали бозорга кириб келади.

Умуман, таққослаш iPhone 17 Proʻнинг бир хил версияси нархи турли мамлакатларда солиқ сиёсати, импорт харажатлари ва маҳаллий бозор шароитлари туфайли кескин фарқ қилишини кўрсатади.