Ўзбекистон | 16:47
29509
3 дақиқада ўқилади

Дубайдаги муштлашувда қатнашган олти ўзбекистонлик ўлимга ҳукм қилинди

Фото: Видеодан кадр

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида 2025 йил апрелида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида рўй берган жанжал юзасидан суд ҳукми эълон қилинди.

Маҳаллий нашрларга кўра, 22 январ куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида судланувчилардан олти нафари ўлим жазосига ҳукм қилинган, яна бир кишига умрбод қамоқ жазоси тайинланган.

Ўзбекистон ТИВ Kun.uz’га берган изоҳида мазкур маълумотни тасдиқлаб, ҳукм юзасидан апелляция берилиши ва жараён кўп йилларга чўзилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил апрел ойида ижтимоий тармоқларда Дубай шаҳридаги ёнилғи қуйиш шохобчаларидан бирининг ҳудудида ўзбекистонликлардан иборат икки жиноий гуруҳ ўртасидаги тўқнашув келиб чиқиб, бир киши пичоқ зарбаси оқибатида вафот этгани, яна бир киши комага тушиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Кўп ўтмай Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги мазкур жанжалда иштирок этишда гумонланиб, 15 нафар ўзбекистонлик қўлга олинганини маълум қилганди.

Дубай жиноят қидирув бошқармаси «сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлиги»дан огоҳлантирган, Ўзбекистон ТИВ эса «фуқароларни хорижда мамлакат шаънига доғ туширувчи ҳаракатлардан тийилиш»га чақирганди.

Маҳаллий матбуотда ушбу воқеа тафсилотлари пайдо бўлган. Унга кўра, олдиндан ўзаро келишмовчилиги бўлган икки гуруҳ аъзолари ёнилғи қуйиш шохобчасида учрашиб қолган. Қизил рангли Mercedes машинасидан тушган шахснинг олдига бир неча киши югуриб бориб уни пичоқлаган. Унинг шериги қочишга уринган, бироқ кўп ўтмай уни тутиб олишган ва калтаклашган.

Воқеа жойига етиб келган Дубай полицияси ҳудудни ўраб олган ва муштлашув иштирокчилари қолдирган буюмларни мусодара қилган. Кузатув камералари ёзувлари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари воқеалар хронологияси ва ишга алоқадор шахсларнинг шахсини аниқлашга ёрдам берган. Натижада полиция амирликдаги меҳмонхоналардан бирида можаро иштирокчиларини, жумладан, асосий гумондорларни қўлга олган.

Кейинроқ комадаги шахс ўзига келмай вафот этган ва муштлашув қурбонлари сони икки нафарга етганди.

Дубай полицияси ўз баёнотида амирликларда бундай ҳолатлар жуда кам учраши, амирликнинг ўзи эса дунёдаги энг хавфсиз шаҳарлардан бири бўлиб қолаётганига ишонтирган.

Бу воқеалардан кўп вақт ўтмай Ўзбекистон фуқароларининг БААга киришида муаммолар пайдо бўлди. Хусусан, июн ойи бошида футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида маҳаллий миллий жамоага қарши учрашувни кўришга борган ўзбекистонлик мухлисларнинг бир қисми аэропортда текширувдан ўта олмаганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид