Ўзбекистон | 13:16
402
2 дақиқада ўқилади

Чакана ва улгуржи савдода ўсиш тенденцияси давом этмоқда

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда чакана ва улгуржи савдо соҳаларида барқарор ўсиш қайд этилди. Савдо айланмаси ортиши билан бирга, соҳада фаолият юритаётган корхоналар сони ҳам кўпаймоқда.

2025 йил якуни бўйича республикада чакана савдо товар айланмаси 482,4 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,2 фоизга ўсган. Мутахассислар ушбу ўсишни аҳоли даромадларининг ортиши, истеъмол бозори фаоллашуви ҳамда савдо инфратузилмасининг ривожланиши билан изоҳламоқда.

1 январ ҳолатига кўра, мамлакатда чакана савдо соҳасида фаолият юритаётган тижорат корхоналари сони 86 180 тани ташкил этди. Бу эса ушбу соҳанинг иқтисодиётда муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.

Улгуржи савдо сегментида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Хусусан, 2025 йилда улгуржи савдо товар айланмаси 543,3 трлн сўмга етди ва ўтган йилга нисбатан 12,5 фоиз ўсиш қайд этилди. 1 январ ҳолатига республика бўйлаб улгуржи савдо соҳасида 51 667 та тижорат корхоналари фаолият юритмоқда.

Чакана ва улгуржи савдода кузатилаётган ўсиш мамлакатда тадбиркорлик муҳитининг яхшиланиши, ички бозорда рақобатнинг кучайиши ҳамда логистика тизимининг ривожланиши билан боғлиқ. Бу эса ўз навбатида иқтисодий фаолликни ошириб, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид