Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
186 млрд сўм ўзлаштирилган. Абдуллаев ва Турсунов қандай жиноятда айбланаётгани очиқланди
Президент ИИВ раҳбари собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан жиноят иши очилганини тасдиқлади. Улар вазирлик тизимидаги давлат харидлари давомида 186 млрд сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилгани юзасидан қамоққа олинган.
Ўзбекистонда 53 триллион сўмлик талон-торож ва молиявий камчиликлар фош этилди, коррупция схемаларидан етказилган зарар 4,2 триллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
«Билиб қўйинглар, давлатнинг ҳар бир сўми бўйича таъсирчан назорат ўрнатилади. Жавобгарлик муқаррар, жазо қаттиқ бўлади!» – деб таъкидлади у.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, яқинда Президент администрацияси ва давлат идораларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тизими йўлга қўйилди. Қисқа муддатда бюджетга тушум, талон-торож, молиявий камчиликлар бўйича 53 триллион сўм ва ташқи савдо операцияда 8 миллиард доллардан ортиқ қарздорлик аниқлангани ўта аянчли ҳолат экани қайд этилди.
Коррупциявий схемалар бўйича 4,2 триллион сўм зарар аниқланиб, 1,3 триллион сўми ундирилди, 55 нафар шахс қамоққа олинди.
Мисол тариқасида президент ички ишлар вазирлиги тизимидаги вазиятни келтирди: унга кўра, давлат харидлари давомида 186 млрд сўм бюджет маблағларининг ўзлаштирилгани аниқланган ҳамда бу иш доирасида ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсуновга қарши жиноий иш қўзғатилган.
Бундан олдинроқ Kun.uz манбаси 2025 йил 3 ноябрида ишдан олинган Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов бир иш доирасида тергов қилинаётгани ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани ҳақида хабар берганди.
Кейинроқ «Дарё» нашри ўз манбаларига таяниб ушбу собиқ мулозимлар йирик миқдордаги давлат мулкларини талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва яна бошқа ҳолатлар бўйича гумонланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганини, етказилган зарар миқдори 100 млрд сўмдан ортиқлигини хабар қилганди.
Таъкидланишича, давлат манфаатларига бундай йирик миқдордаги зарар Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларига ўрнатилаётган янги светофор ва бошқа йўл ускуналарини гўёки хориждан импорт қилинган дея кўрсатиб, аслида маҳаллий маҳсулотларни ўтказиш бўйича тузилган жиноий схемалар орқали етказилган.
Мавзуга оид
20:07 / 25.01.2026
Рустам Турсунов ҳам қамоққа олингани маълум бўлди
19:43 / 25.01.2026
Генерал-майор Бекмурод Абдуллаев қамоққа олинган – манба
18:02 / 03.11.2025
Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимидан озод этилди
11:39 / 30.04.2023