Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

1 февралдан китобхонликни тарғиб қилиш бўйича янги дастур бошланади

2026 йил 1 февралдан бошлаб қонунчиликка мувофиқ аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган “Китоб – маърифат манбаи” дастури амалга оширилади.

Мазкур дастурнинг асосий мақсади жамиятда мутолаа маданиятини юксалтириш, ёшларнинг маънавий-ахлоқий ривожланишига ҳисса қўшиш ҳамда китоб ўқишга бўлган қизиқишни оширишдан иборат.

Дастур доирасида жамоат транспортида интернет тармоғи орқали Mutolaa платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилади. Қулайлик учун транспорт воситаларида махсус QR-кодлар жойлаштирилиб, йўловчилар улар орқали электрон китоблардан фойдаланиши мумкин бўлади.

Урганч–Хива йўналишида пулли автомобил йўли қурилади

Хоразм вилоятида транспорт инфратузилмасини тубдан яхшилаш мақсадида Урганч–Хива йўналишида янги пулли автомобил йўли қурилиши режалаштирилмоқда.

Лойиҳа доирасида умумий узунлиги 32 километр бўлган янги автомобил йўли барпо этилади. Ушбу йўл мавжуд йўналишларга муқобил бўлиб, транспорт қатновини сезиларли даражада енгиллаштириши, сафар вақтини қисқартириши ва ҳаракат хавфсизлигини ошириши таъкидланмоқда. Йўл тўлиқ фойдаланишга топширилгач, ундан фойдаланиш пулли асосда амалга оширилади.

Бухоро шаҳрида автобусларда нақд пул қабул қилиш тўхтатилади

Бухоро шаҳрида автобусларда йўл ҳақини тўлашда нақд пулсиз тўлов тизими жорий этилади. Биринчи босқичда 1 февралдан баъзи йўналишларда йўлкирани тўлашда нақд пул қабул қилиш тўхтатилади. 1 апрелдан бошлаб қолган барча йўналишларда ҳам тўловлар фақат электрон тарзда қабул қилиниши таъкидланмоқда.