Испания марказидаги Толедо провинциясида иккита тезюрар поезд тўқнашиши оқибатида камида 46 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ABC нашри хабар бермоқда.

Авария маҳаллий вақт билан 28 октябр куни соат эрталабки 9 атрофида рўй берган. Renfe компаниясининг (давлат темирйўл оператори) Мадрид – Севиля йўналишида ҳаракатланган AVE тезюрар поезди Iryo компаниясининг (хусусий темирйўл оператори) Урда шаҳри яқинидаги участкада тўхтаб турган поездига ортдан келиб урилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда бир неча вагон йўлдан чиқиб кетгани ва ёнғин рўй берганини кўриш мумкин.

Авария туфайли Мадрид-Андалусия тезюрар линиясида поездлар ҳаракати тўхтатилган. Бир неча поездлар йўлга чиқиши кечиктирилган.

El Pais ва ABC манбаларига кўра, авария инсон хатоси сабаб рўй берган бўлиши мумкин. Тахминларга кўра, темирйўл сигнализацияси тизимидаги носозликни бартараф этиш билан шуғулланган давлат компанияси ходими AVE поездини олдинда Iryo поезди тўхтаб тургани ҳақида огоҳлантирмаган.