Доналд Трамп қатъий риторикаси ва минтақага ҳарбий контингент жамлаб қўйганига қарамай, Эронни ўз шартларига кўндира олмаяпти. Хўш, худди Ироқ, Афғонистон ёки Венесуэлада бўлгани каби Эронда ҳам ҳокимиятни ағдаришга уринишдан Вашингтонни нима тийиб турибди? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Исломхон Гаффаров ва Камолиддин Раббимов шу ҳақда сўз юритди.
— Эпштейн иши билан боғлиқ шов-шув фонида, Трамп Эронга зарба бериши мумкинми?
Исломхон Гаффаров: Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган воқеалар шуни кўрсатадики, Америка Қўшма Штатлари томонидан Эронга нисбатан босим сезиларли даражада кучаймоқда. Эпштейн иши каби ички ва ташқи сиёсий омиллар эса АҚШ ташқи сиёсатининг диққат марказини бошқа йўналишга буриб юбориши мумкин. Доналд Трампнинг Эронга муносабати маълум, у Шимолий Корея етакчиси, Владимир Путин каби авторитар раҳбарлар билан келишувга боришга тайёр, лекин Эрон масаласида доим қатъий позицияда турган. Унинг биринчи президентлик даврида Қосим Сулаймонийнинг йўқ қилиниши ҳам Трамп администрациясининг Эронга нисбатан кескин муносабатини яққол кўрсатган эди.
Ҳозирги вазият маълум маънода АҚШнинг 1990-йиллардаги Ироққа нисбатан сиёсатини эслатади. Қўшма Штатлар 2003 йилда Ироққа тўсатдан бостириб кирмаган, балки 1991 йилги Кувайт урушидан сўнг ўн йилдан ортиқ вақт давомида Ироқни “хавф манбайи” сифатида босқичма-босқич намоён қилиб борган. Охир-оқибат бу жараён Саддам Ҳусайн режимининг қулашига олиб келган. Бугунги кунда Эрон масаласи ҳам узоқ вақтдан бери секин-аста кун тартибига чиқарилиб, шу каби сценарий томон ҳаракатланаётгандек таассурот уйғотмоқда.
Бундан ташқари, ўтган йил ёзида Эронда амалга оширилган, Исроил махсус хизмати Моссад билан боғланган операциялар мамлакатнинг халқаро майдондаги имижига жиддий путур етказди. Айрим элита ва зиёлилар йўқ қилингани Эрон давлатчилигининг маълум даражада мўрт эканини ҳам кўрсатди. Шу фонда АҚШ ҳарбий босимга тайёр тургандек кўринмоқда. Бироқ муҳим жиҳат шундаки, Эрон Ироқ ҳам, Афғонистон ҳам эмас.
Ироқ этник ва конфессионал жиҳатдан парчаланган, қисқа муддатда издан чиққан эди. Афғонистонда эса пуштунлар асосидаги “Толибон” ҳаракати миллий бирдамликни шакллантириб, охир-оқибат АҚШни мамлакатдан сиқиб чиқарди. Эрон – миллат сифатида шаклланган, давлат институтлари ва тарихий ўзлигига эга, нисбатан мустаҳкам давлат ҳисобланади. Эрон қисқа муддатда таслим бўладиган давлат эмас. Бундай уруш узоқ давом этиши мумкин ва Вашингтон буни яхши тушунади. АҚШнинг сўнгги миллий хавфсизлик ва миллий мудофаа стратегияларида ҳам ташқи можароларга камроқ аралашиш, ресурсларни асосан ички фаровонлик ва Ғарбий яримшар манфаатларига йўналтириш устуворлиги қайд этилган.








