Собиқ шаҳзода 2 феврал куни Виндзордаги Роял-Лож саройини тарк этган ва Англия шарқидаги Сандрингҳэм мулкидаги Вуд-Фарм қўрғонига бориб жойлашган.
BBC маълумотларга кўра, бу – Эндрю учун вақтинча қўналғадир: кейинроқ у қиролликнинг ушбу мулкидаги асосий саройдан тўрт километр масофада жойлашган ҳамда қироллик мезонлари бўйича жуда камтарона ҳисобланган Марш-Фарм қўрғонига кўчиб ўтади. Сандрингҳэм мулкининг умумий майдони – 80 км кв атрофида.
Букингҳэм сарой ўтган йил октябр ойи охирида Эндрю 2026 йил бошида бошқа жойга кўчиб кетишини эълон қилганди; Эпштейн иши бўйича ҳужжатларнинг навбатдаги партияси эълон қилиниши чиқиши эса бу жараённи тезлаштирган.
Британия жамоатчилиги Эндрю АҚШда педофилликда айбланиб қамалган Эпштейн билан муносабатлари юзасидан кўрсатма беришини қатъият билан талаб қилмоқда. Эндрю эса ҳеч қандай ноқонуний ишга алоқаси йўқлигини айтиб келади.
Сандрингҳэм – қирол Чарлз III’нинг хусусий мулки бўлиб, укасининг янги турар жойи учун барча харажатларни унинг ўзи тўлайди.
Эндрюнинг хулқ-атвори ва репутацияси анчадан буён қироллик хонадони учун жиддий муаммо бўлиб келган ҳамда шаҳзодага нисбатан қарорлар кечиктирилган ва етарли эмасдек туюлган.
Энди саройдагилар Эндрюнинг Сандрингҳэмга – қирол Чарлз ва қиролича Камилла яшовчи Лондондан ҳамда валиаҳд шаҳзода Уилям оиласи билан бирга истиқомат қиладиган Виндзордан узоққа кетиши – собиқ шаҳзода имкон қадар жамоатчилик эътиборидан четда бўлишига имкон беришидан умид қилмоқда.
У Виндзордаги ҳашаматли саройда яшаркан, бу жамоатчиликда норозилик уйғотаётганди.
Виндзор мулки ҳамда ундаги қироллик қасри, Сандрингҳэмдан фарқли ўлароқ, қиролга эмас, балки Молия вазирлигига ҳисобдор бўлган «Қироллик мулклари» номли махсус давлат муассасасига тегишли ҳисобланади.
Қироллик хонадонига яқин манбалар анонимлик шарти билан изоҳ беришича, бир томондан, оиладагилар хатолари учун Эндрюни қандайдир тарзда жазолаш зарурлигини тўғри тушунди, бошқа томондан, у ҳамон оила аъзоси ва унга ғамхўрлик қилиш керак. Шунинг учун қирол унга ўз ҳисобидан Норфолкда яшаш учун уй берди.
Октябр ойида қирол укасини шаҳзодалик унвонидан ва унда қолган бошқа барча титуллардан маҳрум этганди, ундан олдинроқ Эндрюнинг ўзи ўз ихтиёри билан Йорк ҳерцоги унвонидан воз кечганди.






















