Жаҳон | 10:30 / 07.02.2026
2378
4 дақиқада ўқилади

Германияда Россиянинг НАТО ҳудудига бостириб кириши сценарийcи моделлаштирилди

Ҳарбий ўйинлар сценарийсига кўра, РФ қўшинлари Калининград вилоятидаги гуманитар инқироз баҳонаси билан Литвага бостириб киради, деб ёзади Die Welt. Машқлар Россия НАТОга бўлган ишончни сусайтириши мумкинлигини кўрсатган.

Фото: REUTERS

Германияда ҳарбий ўйинлар ўтказилиб, улар давомида Россиянинг НАТО ҳудудига бостириб кириши сценарийи моделлаштирилди, деб ёзди Die Welt газетаси жума куни, 6 февралда. Оддийсидан фарқли бу машғулотлар 2025 йил декабрда Ҳамбург шаҳридаги Германия Қуролли кучлари университетида (бундесвер) бўлиб ўтган. Ташкилотчи Die Welt бўлиб, у Немис ҳарбий ўйинлар маркази билан ҳамкорлик қилган.

Ўйин сценарийсига кўра, Россия 2026 йил октябрда Калининград вилоятидаги гуманитар инқирозни баҳона қилиб Литва ҳудудига кирган. Машқлар натижаларига кўра, РФ қўшинлари Россия ва Беларус чегараларидан бир неча ўн километр узоқликда жойлашган Мариямполе шаҳрини эгаллаб олган. Москва ўз ҳаракатларининг «гуманитар» тусда эканини айтган баёнотлар АҚШнинг Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддасини қўллашдан бош тортиши учун етарли бўлиб чиққан. Ушбу моддага мувофиқ, НАТОга аъзо мамлакатларнинг ҳеч бўлмаганда бирига қуролли ҳужум қилинса, бу барчага қилинган ҳужум деб қаралади ва ҳар бири ҳужумга учраган томонга ёрдам кўрсатади.

Ўйин ривожига кўра, Германия қатъий қарор қабул қилишда иккиланиб қолган, Полша эса қўшинларни сафарбар қилиб Литва билан чегара томон олға силжиган, аммо чегарани кесиб ўтмаган. Шу билан бирга, Литвада жойлашган бундесвер бригадаси аралашмаган, бунга қисман Россия дронлар ёрдамида мазкур база атрофидаги йўлларни миналаштиргани сабаб бўлган.

Ҳарбий ўйин натижаларига кўра, Россия бир неча кун ичида НАТОга бўлган ишончни издан чиқаришга ва атиги тахминан 15 000 нафар ҳарбийдан иборат контингентни жойлаштирган ҳолда Болтиқ минтақаси устидан назорат ўрнатишга муваффақ бўлган. «Тийиб туриш фақат имкониятларга эмас, балки рақиб бизнинг иродамиз ҳақида нима деб ўйлашига ҳам боғлиқ. Ҳарбий ўйинлар пайтида мен ва менинг “россиялик ҳамкасбларим” шундан хабардор эдик: Германия иккиланади. Ғалаба учун шунинг ўзи етарли бўлди», — деб тушунтирди The Wall Street Journal (WSJ) нашрига Венадаги ҳарбий таҳлилчи Франц-Штефан Гади. У ўйинда РФ ҚК Бош штаби бошлиғи ролини бажарган.

Хавфсизлик бўйича экспертлар фикрича, Москва Европада яна устун (доминант) мавқени қайтариб олишга интилмоқда. «Бу мақсадга эришиш учун Россия, агар керак бўлса, НАТО билан тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашувдан ҳам четланмайди», — деган эди Германия Федерал разведка хизмати раҳбари Мартин Йегер 2025 йил охирида.

Реал ҳаётда Литва ва Шимолий Атлантика иттифоқидаги унинг ҳамкорлари бундай сценарийнинг олдини олиш учун разведкадан етарлича эрта огоҳлантиришлар олган бўлар эди, деб таъкидлади Литва Қуролли кучлари мудофаа штаби бошлиғи Гедрюс Пременецкас. Бундесвер Қуруқлик қўшинлари қўмондони генерал Кристиан Фройдинг 4 феврал куни Литвага ташриф чоғида билдиришича, НАТО разведкаси ҳануз Россия 2029 йилгача иттифоқ аъзоларига қарши ҳаракат бошлай олмайди, деб ҳисоблайди. Бироқ Германия ва унинг иттифоқчилари, агар тўқнашув «бугун кечқурун» рўй берса ҳам, ҳужумларни қайтаришга тайёр, дея WSJ генералнинг сўзларини келтирган.

Бундай ҳарбий ўйинлар келажакни тахмин қилмайди, улар фақат иштирокчи мамлакатларнинг заиф нуқталарини ва эҳтимолий ҳаракат вариантларини аниқлашга ёрдам беради. Бундай командирлик машқлари Пруссияда 1820-йилларда яратилган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германия бундай амалиётдан чекинган, деб қайд этади Die Welt. Ҳозир ҳарбий ўйинлар маданияти асосан АҚШ ва Буюк Британияда устун.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид