The Washington Post нашри 26 август куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга таяниб хабар беришича, Рэтклиффнинг Москвага ташрифи «махсус хизматлар ўртасидаги контактлар» доирасида амалга оширилган.
Песков ташриф бўйича қўшимча тафсилотларни очиқламаган. Шу билан бирга, у Россия президенти Владимир Путин МРБ директори билан Кремлда учрашгани ҳақидаги эҳтимолларни рад этган.
«Президент билан учрашувлар йўқ», — деган Песков.
Рэтклифф Москвага АҚШ ҳарбий самолётида келган
CBS телеканали Оқ уй мухбири Женнифер Жейкобс ва Axios журналисти Барак Равид ўз манбаларига таяниб, Рэтклифф 25 август куни Москвага келганини хабар қилган.
Жейкобс маълумотига кўра, МРБ директори Россия пойтахтига АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли Boeing C-17 Globemaster III ҳарбий-транспорт самолётида келган. Унинг Москвада бир қатор учрашувлар ўтказиши режалаштирилгани айтилган.
Равиднинг ёзишича, Рэтклифф 23 август куни Вашингтондан Ригага учган, 25 августда эса Латвия пойтахтидан Москвага йўл олган. C-17 самолёти 25 август эрталаб Внуково аэропортига қўнган.
Flightradar24 маълумотларига кўра, самолёт Москвага қўнганидан тахминан саккиз ярим соат ўтиб Россия пойтахтини тарк этган.
Айни пайтда АҚШ расмийлари Рэтклиффнинг Россияга ташрифини олдиндан эълон қилмаган. Унинг сафари аниқ қандай мақсадни кўзлагани, қандай масалалар муҳокама қилингани ва Америка делегацияси таркибида бошқа юқори мартабали амалдорлар бўлган-бўлмагани ҳам очиқланмаган.
АҚШ Украинадан Москва ва Петербургга зарба бермасликни сўраган
Рэтклиффнинг ташрифи фонида яна бир муҳим тафсилот маълум бўлган. Financial Timesʼнинг Украинадаги бош мухбири Кристофер Миллернинг ёзишича, Доналд Трамп маъмурияти Украина томонини юқори мартабали АҚШ делегациясининг Москвага сафари ҳақида олдиндан хабардор қилган.
Манбага кўра, Вашингтон Киевдан 24, 25 ва 26 август кунлари Москва, Санкт-Петербург ҳамда Россиянинг шимолий ҳудудларига дронлар ва узоқ масофали ракеталар билан зарба бермасликни сўраган.
Миллер маълумотига кўра, Украина АҚШнинг ушбу илтимосига рози бўлган.
Axios журналисти Барак Равид ва «РБК-Украина» ҳам ўз манбаларига таяниб шунга ўхшаш маълумотларни тарқатган.









