Қўмита келтирган маълумотларга мувофиқ, республика бўйича тадбиркорлик субъектлари зичлиги 1000 аҳолига 31 тадан ортиқни ташкил этган. Бу кўрсаткич ҳудудлардаги аҳоли сони, иқтисодий фаоллик, хизматлар сектори улуши ва бизнес муҳити каби омилларга боғлиқ равишда фарқ қилади.
Ҳудудлар бўйича энг юқори кўрсаткич Жиззах вилоятида — 61,0 та бўлиб, бу республика ўртача кўрсаткичидан анча юқори. Кейинги ўринларда Тошкент шаҳри — 45,3 та ва Хоразм вилояти — 44,8 та кўрсаткичлари билан қайд этилган.
Шунингдек, Сирдарё (37,5 та), Навоий (37,1 та) ва Сурхондарё (36,0 та) вилоятларида ҳам 1000 аҳолига тўғри келадиган тадбиркорлик субъектлари сони республика ўртача кўрсаткичидан юқори.
Ўрта кўрсаткичларга яқин ҳудудлар қаторида Бухоро — 35,3 та, Андижон — 35,2 та, Тошкент вилояти — 29,3 та ҳамда Қорақалпоғистон — 27,9 та келтирилган.
Энг паст кўрсаткичлар эса Наманган (24,8 та), Самарқанд (23,9 та), Фарғона (22,3 та) ва Қашқадарё (18,6 та) вилоятларида кузатилган.
Мутахассислар бундай фарқни ҳудудлардаги иқтисодий структура, хизматлар бозори ҳажми, кичик бизнеснинг ривожланиш даражаси ҳамда аҳоли зичлиги билан изоҳлайди.











