Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025-2026 ўқув йили бошида мамлакатдаги олий таълим ташкилотларида жами 1 млн 535 минг нафар талаба таҳсил олмоқда.
Бу кўрсаткич 1991-1992 ўқув йилида қайд этилган 337,4 минг нафар талабага нисбатан 1 млн 197,6 минг нафарга ёки қарийб 4,6 баробарга ошган.
Статистикага назар ташланса, 1990-йиллар ўрталари ва 2000-йиллар бошида талабалар сони 200–300 минг нафар атрофида бўлган. 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб эса ўсиш суръати кескин жадаллашиб, талабалар сони 571,5 минг нафардан 1,5 миллиондан ортиқ даражага етган.
Хусусан, 2020-2021 ўқув йилида 571,5 минг, 2021-2022 ўқув йилида 808,4 минг, 2022-2023 ўқув йилида 1 млн 42,1 минг, 2023-2024 ўқув йилида 1 млн 314,5 минг, 2024-2025 ўқув йилида эса 1 млн 432,8 минг талаба таҳсил олган.
2025-2026 ўқув йилида мазкур кўрсаткич яна ошиб, 1 млн 535 минг нафарга етди. Бу мамлакатда олий таълим қамровини кенгайтириш, янги олийгоҳлар ташкил этиш ва қабул квоталарини ошириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар самарасини акс эттирмоқда.











