Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ҳозир табиий газ етиб бориши қийин бўлган 1 минг 916 та маҳалла мавжуд.
Масъулларга уч ойда ушбу маҳаллалардаги иситиш тизимини электрга ўтказиш учун қанча инфратузилма ва қўшимча электр энергияси талаб этилишини ҳисоб-китоб қилиш топширилди.
Биринчи навбатда молиялаштириш талаб этиладиган маҳаллалар бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади.
Бугунги кунда 3 миллион 700 минг хонадон суюлтирилган газдан фойдаланмоқда. Сўнгги йилларда мазкур тизим рақамлаштирилиб, анча тартибга келтирилган бўлсада, газни ўз вақтида етказиш муаммоси тўлиқ ҳал этилмаган.
Суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий секторни жалб этиш ва буни Андижон вилоятидан бошлаш таклифи маъқулланди.
Андижон вилоятида олти ойда режадаги 48 минг тонна ўрнига 41 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. 318 та маҳаллада таъминот графикдан орқада қолмоқда.
Энди тадбиркорлар ўзи импорт қилган ёки биржадан харид қилган суюлтирилган газни аҳоли ва бизнес субъектларига етказиб бериши мумкин бўлади. Йил бошидан хусусий сектор томонидан 157 минг тонна суюлтирилган газ импорт қилинган.
Ижтимоий реестрга кирган оилаларга суюлтирилган газ учун субсидия берилади. Йил якунигача бу борада “Андижон тажрибаси” яратилади.
Суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни йил якунигача режадаги 520 минг тонна ўрнига 606 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.
Ҳозир аҳолига газ стандарт ҳажмдаги 20 килограммли баллонларда етказилади. Ваҳоланки, айрим хонадонларга ойлик истеъмол учун 5-6 килограмм етарли бўлса, бошқа истеъмолчиларга 30-40 килограммли баллон зарур.
Суюлтирилган газни ташиш, сақлаш ва тарқатиш тизими бир ойда хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилади.











