Президент селекторида электр ва газ таъминоти ходимлари иши танқид қилинди.

Бугунги кунда “Ҳудудий электр тармоқлари”да 25 минг, «Ҳудудгаз»да 16 минг ходим ишлайди. Лекин ходимлар ишини бошқариш рақамлашмагани сабабли кун давомида ким нима билан бандлигини на электр тармоғи, на газ таъминоти раҳбари билади.

Шу боис, меҳнат унумдорлиги бошқа давлатлардан 1,5-2 баробар паст, аварияларни бартараф этиш муддати эса 3-4 баробар кўп.

Энергетика вазирлиги таркибида Ёқилғи-энергетика тармоғини рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш маркази ташкил этилади.

Марказ “ишлаб чиқариш – узатиш – тақсимлаш – етказиш” занжири, кўмир, суюлтирилган газ ва мазут таъминотини «стресс-аудит»дан ўтказади. Шу асосда соҳани ривожлантиришнинг бир нечта сценарийси ишлаб чиқилади.

Ҳар бир ходимнинг кунлик ишини рақамли алгоритм орқали бошқарадиган тизим яратилади. АСКУЭ ва АСКУГ маълумотлари сунъий интеллект орқали таҳлил қилиниб, шубҳали ўзгаришларни аниқлайдиган платформа ишга туширилади.

Тизимдаги 106 минг ходим учун 10 та асосий KPI белгиланади. Унда авариявий ва режали ўчишлар, йўқотишлар, дебитор қарздорлик, қувватлар резерви ва таъмирлаш дастурларининг бажарилиши асосий мезон бўлади.