Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Техник тартибга солишда хусусий сектор улуши оширилади
Президент Шавкат Мирзиёев техник тартибга солиш соҳасини ислоҳ қилишга бағишланган тақдимотда синов ва сертификатлаш хизматларини босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш, рақобатни кучайтириш ҳамда соҳада шаффофликни таъминлаш бўйича таклифлар билан танишди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатда техник тартибга солиш тизимини халқаро талаблар асосида янгилаш жараёни изчил давом этмоқда. Сўнгги йилларда миллий стандартларнинг катта қисми халқаро меъёрларга уйғунлаштирилди, мажбурий сертификатлаш тартиблари қисқартирилди.

Тақдимотда синов ва сертификатлаш хизматларини тўлиқ хусусий секторга бериш таклиф қилинди. Айни пайтда хусусий секторда барча соҳаларни қамраб олган 207 та синов лабораторияси ва 73 та сертификатлаш идораси фаолият юритмоқда. Ушбу йўналишни янада кенгайтириш орқали соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, хизматлар сифатини ошириш ва тадбиркорлар учун ортиқча маъмурий тўсиқларни камайтириш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, соҳада институционал ўзгаришлар амалга оширилади. Техник тартибга солиш агентлиги тизими оптималлаштирилиб, айрим ташкилотлар қисқартирилади. Аккредитация органининг мустақиллигини таъминлаш, синов лабораториялари фаолиятини рақамлаштириш ва метрология тизимини ислоҳ қилиш ҳам режалаштирилган.
Соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида Англиянинг Intertek, Швециянинг SGS, Франциянинг Bureau Veritas, Германиянинг TÜV каби халқаро компанияларни жалб қилиш таклиф этилди.
Қайд этилишича, хусусий сектор улушини ошириш орқали сертификация жараёнларини соддалаштириш, таннархни пасайтириш ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга эришиш кўзда тутилмоқда.
Якунда президент янги тизимни босқичма-босқич жорий этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
Мавзуга оид
09:55 / 23.05.2026
Хавф даражаси паст корхоналарда текширув ўтказилмайди
11:45 / 24.02.2026
Ҳар пайшанба — вазирлик ва ҳокимликларда «Ёшлар куни» бўлади
11:08 / 24.02.2026
«22 миллиондан зиёд ёшлар тимсолида катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий кучни кўрамиз» – президент
08:44 / 24.02.2026