Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида Жапаров–Ташиев тандеми қандай шакллангани, улар 5 йил давомида мамлакатни қай тарзда бирга бошқаргани ва бу сиёсий иттифоқнинг парчаланиши нега хавотирли бўлиши мумкинлиги ҳақида сўз юритди.

Бир неча кун олдин Қирзиғистон президенти Садир Жапаров бу давлатнинг иккинчи энг қудратли шахси – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевни ишдан бўшатди. Бу пайтда Ташиев даволаниш учун Германияга кетганди.

Генерал бу қарордан бехабар бўлгани, агар олдинроқ хабари бўлганида, қўл остидаги куч ишлатар тизими ходимлари билан расман хайрлашган бўлишини айтди. Ташиев ўз баёнотининг сўнгида Қирғизистонда ҳамма конституцион тизимга мувофиқ фаолият олиб бориши ва ҳар қандай кураш фақат тизим доирасида бўлиши кераклигини урғулади. Бу билан у президент Жапаровнинг қароридан аслида норози экани, лекин сиёсий кураш тизим доирасида бўлишига шаъма қилди.

Маълумки, Садир Жапаров 2020 йилдан буён ҳокимиятда. У ҳокимиятга келиши биланоқ ўзининг дўсти, ҳамкори, сиёсий иттифоқчиси Қамчибек Ташиевни куч ишлатар тизимларнинг энг қудратлиси – Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига раис қилиб тайинлаган эди. Бу иккилик, яъни тандем мана 5 йилдирки Қирғизистонни бошқариб келаётган эди. Жапаровнинг қарори билан, энди тандем бузилди. Хўш, бу тандем қачон, қандай шаклланди? Унинг бузилиши нега кўпчиликда хавотирлар ўйғотди?

Қамчибек Ташиев – асли жалолободлик. Бу шаҳарнинг номи яқинда Манас деб ўзгартирилди. Садир Жапаров эса Иссиқкўлдан. 2005 йилдаги инқилобга қадар, бу икковлон ҳам ёқилғи бизнесида бўлишган. 2005 йил мартида Қирғизистонда инқилоб бўлган эди: президент Аскар Акаев ҳокимиятдан йиқитилиб, ўрнига Қурманбек Бакиев келган эди. 2005 йилги сайловларда Жапаров ҳам, Ташиев ҳам депутат бўлиб сайланишади. 2007 йилда Бакиев Қирғизистон парламентини тарқатиб юборади. Лекин бу икковлон кўчада қолмайди, ҳукуматга киради. Ташиев фавқулодда вазиятлар вазири бўлади, Жапаров эса бошида президентнинг давлат маслаҳатчиси, сўнгра Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг бошлиғи бўлади.

2010 йилда Қирғизистонда яна инқилоб бўлади. Бакиевлар ҳокимиятдан қувилади ва мамлакатдан қочиб кетишади. Шундан сўнг Қирғизистонда бошқарув модели ўзгартирилади: парламентар бошқарув жорий қилинади. 2010 йилги парламент сайловлари партия рўйхатлари асосида ташкил қилинади. Сайлов натижаларига кўра, энг кўп овозни миллатчи кайфиятдаги “Атажурт” партияси олади – 8,68 фоиз. Қолган партиялар бундан ҳам кам овоз олади. “Атажурт” партиясининг лидерлари айни Жапаров ва Ташиев эди. Бу партия ва унинг икки лидери ўша вақтдаги президент Алмазбек Атамбаевга мухолифат бўлишади, ҳукуматни ва президентни муттасил танқид қилишади.