Қирғизистон президенти Садир Жапаров Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли қурилиши учун Россиядан рухсат олишга мажбур бўлгани ҳақида айтиб берди. Президентдан интервью олган журналист Али Тўктакунов Жапаровдан «темир йўл қуриб битказилса, қачон фойдага кириши, шунингдек лойиҳани ёқтирмайдиган ташқи ёки ички кучлар» ҳақида сўради.

«Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўлини қуриш зарурати ҳақида биз Совет иттифоқи парчаланган пайтдан бери гапириб келамиз.

2020 йилда ҳокимиятга келганимда, дарҳол Хитойнинг ўша пайтдаги элчисини ҳузуримга чақирдим (2019 йилдан 2024 йилгача Бишкекдаги Хитой элчиси Ду Девен бўлган). Ҳозир бошқа элчи, у ўзгарган. Биз хонада иккимиз ўтиргандик, мен унга Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини бошламоқчи эканлигимни айтдим:

«Келинг, бошлайлик. Мутахассисларни олиб келинг, техник-иқтисодий асосларни тайёрлаймиз, лойиҳани ишлаб чиқамиз. Ким қанча пул киритишини, қандай шартларда эканини кўриб чиқайлик. Агар сиз молиялаштирсангиз, қандай шартларда ва қандай фоиз бўлади? Ўзбекистон билан ҳам гаплашамиз».

Элчи менга очиқчасига «буни бошлай оласизми, бунга кучингиз етадими?», деди. Мен «нега бошлай олмас эканман? Мен ўз мамлакатим ҳудудидаман ва Қирғизистон ҳудуди учун жавобгарман. Албатта, бошлайман», дедим.

Хитой элчиси эса дангалига шундай деди: «Йўқ, сиз бу масалани мустақил ҳал қила олмайсиз. Агар Россия қарши бўлса, агар Россия рози бўлмаса, биз бу йўл қурилишини бошлай олмаймиз. Чунки Хитой томонидан ҳам Торугартгача тахминан 100 километрлик янги темир йўл қуриш керак».

Пекин вакили Қирғизистон – Евросиё ҳудудида жойлашгани, КХШТга аъзо экани, шунинг учун Россия рози бўлмаса, Хитой томони лойиҳани бошлай олмаслигини тушунтирган.

Путиннинг олдига бордим

«Мен ҳайрон қолдим. Шундан сўнг, мен Владимир Путин билан амалий учрашув ташкил қилиб беришларини сўрадим. Эртасигаёқ у мени қабул қилишга рози бўлди.

У ерга ўзим ёлғиз учиб бордим. Владимир Владимирович билан бир-биримизга қараб, тахминан 35-40 дақиқа давомида айнан шу мавзуни жуда жиддий муҳокама қилдик.

22