Қирғизистондаги Тўхтағул ГЭС иккита гидрогенераторининг ўчирилиши Қозоғистон ва қўшни мамлакатларда электр энергиясининг оммавий узилишига (блэкаутга) олиб келди, деб хабар берди Қозоғистон Ягона энергетика тизими (ЯЭТ) оператори KEGOC АЖ матбуот хизматига таяниб Tengrinews.

«14 август куни соат 14:37 да Тўхтағул ГЭС умумий қуввати 600 МВт бўлган иккита гидрогенераторининг ўчирилиши Қозоғистон ЯЭТ Шимол–Шарқ–Жануб транзитида ҳаддан ташқари юкламага сабаб бўлди ҳамда Жанубий зона Қозоғистон EЭТ ва Марказий Осиё Бирлашган энергетика тизими (Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон) энергия тизимларидан ажралиб қолди», дейилади компания хабарида.

Оқибатда Қозоғистон Ягона энергетика тизимининг Шимолий зонасидаги Олмаота, Жамбил, Туркистон, Қизилўрда, Жетису вилоятлари, шунингдек, Қарағанда, Улитау ва Абай вилоятлари истеъмолчиларининг электр таъминоти узилди.

Хабарга кўра, KEGOC АЖ томонидан соат 14:47 да Қарағанда, Улитау, Абай вилоятларида, соат 16:26 да Олмаота ва Жетису вилоятларида, соат 16:34 да эса Жамбил, Туркистон, Қизилўрда вилоятларида истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланган.

«Технологик носозлик сабаблари махсус комиссия томонидан ўрганилади», — дейилади компания хабарида.

Аввалроқ Қозоғистон Энергетика вазирлиги 14 август куни Марказий Осиё энергетика тизимидаги носозлик республиканинг бир қанча ҳудудларида электр энергиясининг авариявий ўчишига олиб келганини маълум қилган эди. Идора маълумотларига кўра, Марказий Осиё энергетика тизими томонидан электр энергияси оқимининг кескин ўзгариши туфайли қувват кескин ортиб кетган ва бунинг оқибатида аварияга қарши автоматика ишга тушган.

KEGOC тизим оператори маълумотларига кўра, Қозоғистон Ягона электр энергетика тизимидаги технологик носозлик соат 14:37 да юз берган ва бу 500 кВ кучланишли Агадир–Улкен ҳамда Оқтўғай–Толдиқўрғон электр узатиш линияларининг узилиши билан кечган. Оқибатда Қозоғистон ЯЭТ Жанубий зонаси ва Марказий Осиё Бирлашган энергетика тизими алоҳида (изоляцияланган) ишлаш режимига ўтган.

Истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб беришдаги чекловлар ҳажми тахминан 2810 МВтни ташкил этди. Соат 14:47 га келиб Қарағанда, Абай ва Улитау вилоятларида 295 МВт ҳажмдаги чекловлар бекор қилинди. KEGOC истеъмолчиларга электр таъминотини тиклашни давом эттирди, дейилади хабарда.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги Ўзбекистондаги электр таъминоти узилишлари Қозоғистон энергетика тизимидаги авария туфайли юз бергани ҳақидаги хабарларни ҳам рад этди.

KEGOC Қозоғистон Ягона энергетика тизимининг тизим оператори функциясини бажаради. 2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, компаниянинг 85 фоизлик улушга эга асосий акциядори «Самруқ-Қазина» миллий фаровонлик жамғармаси» АЖ ҳисобланади.