Марказий Осиё мамлакатларининг бирида рўй берган авария минтақанинг ягона энергетика тизимига таъсир кўрсатди. Натижада Сурхондарё ва бошқа айрим вилоятларда электр таъминотида узилиш кузатилди.

Бу ҳақда авария қайси мамлакатда рўй берганига аниқлик киритмаган ҳолда, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.

“Ҳозирги вақтда энергетиклар томонидан электр таъминоти босқичма-босқич тикланмоқда. Қўшимча маълумот берилади”, – дейилади хабарда.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ахборотига кўра, ягона энергетика тизимида бир неча поғонали аварияга қарши автоматика тизими ишлаган.

Kaktus.media'нинг ёзишича, Қирғизистон пойтахти Бишкек, Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олмаота ва Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳарларида электр энергиясидаги оммавий узилишлар ҳақида хабарлар бор.

Tengrinews хабарига кўра, KEGOC компаниясига қарашли электр узатиш тармоқларида аварияга қарши автоматика тизими 300 MW қувват билан ўчган, натижада Олмаота шаҳри ва Олмаота вилоятидаги 10 та туманида электр таъминоти узилиб қолган. Шаҳарда метро ҳаракати тўхтаб қолгани айтиляпти.