Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
OneID'га киберҳужум, ҳайдовчиларга огоҳлантириш ва Самарқанддаги шов-шув — ҳафта дайжести
Электрон ҳукумат киберҳужумга учради. ЙҲХ ходимлари энди айрим ҳайдовчиларни жаримасиз қўйиб юборади. “Лайк” йиғиш учун қоида бузганларга алоҳида жазо киритиляпти. Таълим соҳасида, давлат боғчаларининг элит тоифаси ташкил этилади. Сенатор шимолдаги “акиллашлар”ни жавобсиз қолдирмасликка чақирди, Покистон билан эса ҳарбий ҳамкорлик кучаймоқда. Ҳафтанинг асосий воқеалари – Kun.uz дайжестида.
OneID киберҳужумга учради
Ҳукуматнинг электрон тизимларига уюштирилган киберҳужум – ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаси бўлди. Киберҳужум натижасида ўзбекистонликларнинг шахсига оид маълумотлар даркнетда тарқаб кетган. Гап 15 миллион киши ҳақида кетаётган бўлиши мумкин, лекин бу – тасдиқланмаган рақам. Киберхавфсизлик маркази сешанба кунги баёнотида ҳолат бўйича ўрганишлар кетаётганини маълум қилди.
Ҳакерларнинг иддао қилишича, улар электрон ҳукумат базасини бузиб кириш орқали, жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақамлари ва тўлиқ исм-шарифлари, OneID тизимидаги логин-пароллари, сессия идентификатори, аутентификация тури кабиларни кўчириб олган. Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясининг электрон базаси орқали давлат дастури доирасида ипотека олган шахслар, бошқа бир базадан эса ички ишлар ходимларининг паспорт маълумоти, сурати, манзили ва телефон рақами, бўйи ва вазни ҳақидаги ахборотлар ўғирлангани даъво қилиняпти.
Киберхавфсизлик маркази ўтказилаётган текширувнинг ҳеч бўлмаса бирламчи, оралиқ натижалари ҳақида ҳафта охиригача ахборот бергани йўқ. Лекин айрим идоралар баёнотлар билан чиқиб, ўзларига тегишли тизимлар юзасидан жамоатчиликдаги хавотирларни аритишга уринди. Хусусан, ИИВнинг маълум қилишича, вазирлик тасарруфидаги ахборот тизимларига ноқонуний кириш ҳолати рўй бермаган. Марказий банкка кўра, тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторлари киберҳужумга учрамаган. Статистика қўмитаси эса аҳолини рўйхатга олишнинг онлайн босқичида тўпланган маълумотлар дахлсизлигига шубҳа йўқлигини билдирди. Солиқ қўмитаси ҳам киберхавфсизлик борасида муаммо йўқлигини таъкидлаб баёнот берди.
Соҳа мутахассисларига кўра, ҳакерларнинг иддаолари бўрттирилган бўлиши мумкин; ўғирланган ахборотлар эса актуал эмас, эски базалар бўлиб чиқиши эҳтимолдан холи эмас. Шу билан бирга, экспертлар бир овоздан ўзбекистонликларни OneID тизимидаги логин-паролларини ўзгартиришга чақиряпти. Бу логин-пароллар турли белгилар қоришмасидан иборат, мураккаб шаклда бўлиши мақсадга мувофиқ.
Ёнғин хавфсизлиги – инсон ҳаёти масаласи
Тошкентдаги Aviator мажмуасида рўй берган ёнғиндан кейин, бутун Ўзбекистон бўйлаб савдо ва кўнгилочар мажмуалар, кафе-ресторанлар ва хизмат кўрсатиш объектларида текширувлар бошланди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги душанба куни тадбиркорларга мурожаат билан чиқиб, ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги талабларга бефарқ бўлмасликка чақирди. Вазирликка кўра, жиддий қоидабузарликлар аниқланган объектлар фаолияти тўхтатилиб, токи камчиликлар бартараф этилмагунча фаолият юритишга рухсат берилмайди.
Ана шундай жиддий камчиликлар Термиздаги Indenim савдо мажмуасида аниқланган. Вазир Азизбек Икромовнинг шахсан ўзи текширган мажмуада фавқулодда вазиятлар учун мўлжалланган захира эшиги тўсиб қўйилгани, бино ичидаги ёнғин ўчириш кранларида сув йўқлиги, шланглар эса чириб кетгани, болалар ўйингоҳида худди Aviator'даги каби ёнғиндан хабар берувчи сигнализациялар ишламаслиги ва бошқа камчиликлар аниқланган.
Бош прокуратура хабарига кўра, Aviator мажмуасидаги фожиа юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов бошланган. Ўтган ҳафта охирида жамоатчиликни ларзага солган фожиа болалар майдончасида ўйнаётган 2 ёш-у 7 ойлик қизалоқни ҳаётдан олиб кетган эди. Ёнғин бинонинг 2-қаватида бошланган: у ерда фудкорт ва Pixel номли болалар ўйингоҳи жойлашган, ўйингоҳ болалар билан тўла бўлган. Бинони тутун қоплай бошлаши билан, ота-оналар фарзандларини қутқаришга шошилган, шу аснода тиқилинч ва тартибсизлик юзага келган.

ФВВ ходимлари, ИИВдан ҳам ёрдам чақирган ҳолда, 2-қаватда бўлган 120 дан ортиқ одамни эвакуация қилишга эришган; қатор ходимлар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб хизмат бурчини бажарган. Афсуски, ёнғин ўчириб бўлинганидан кейин, ичкарида 2023 йилда туғилган бир болакайнинг жасади топилган.
Расмийларга кўра, бинода ёнғинга қарши хавфсизликнинг барча тизимлари ўрнатилган бўлган. Лекин, гувоҳларнинг айтишича, 2-қаватда ёнғин сигнализацияси ва пургакичлар ишламай қолган, зинапояли фавқулодда чиқиш жойи эса ёпиқ бўлган. Маълумот учун, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига кўра, эвакуация йўлларидаги эшикларни қулфлаб қўйиш тақиқланган. Фуқаролар ёнғин вақтида асосий эшикка эмас, кўрсаткичли яшил белгиларга эргашган ҳолда айнан эвакуацион чиқиш зиналарига қараб ҳаракатланиши лозим.
Ҳайдовчиларга тааллуқли янги қонун кучга кирди
Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари кичик қоидабузарликлар учун ҳайдовчиларни жаримага тортмасдан, огоҳлантириш бериш ҳуқуқини олди. Тегишли қонун 4 феврал куни имзоланиб, 5 февралдан кучга кирди. Унга кўра, агар ҳайдовчи, пиёда ёки йўловчи ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса, ЙҲХ ходими унга танбеҳ берган ҳолда, жарима ёзмасдан қўйиб юбориши мумкин. Бундай “енгиллик”дан бир киши бир йилда фақат бир марта фойдалана олади.
Маъмурий огоҳлантириш қўлланиши мумкин бўлган қоидабузарликлар рўйхатига камар ёки шлем тақмаслик, техпаспорт, техник кўрик ёки мажбурий суғурта муддатини ўтказиб юбориш, уловда тиббиёт қутичасининг бўлмаслиги, рулда телефон ва дисплейдан фойдаланиш кабилар киритилган. Бу рўйхатга пиёдалар томонидан содир этиладиган аксарият ҳуқуқбузарликлар ҳам киритилган.
Қонун билан, фото ва видео қайд этиш воситалари орқали аниқланадиган ҳуқуқбузарликлар рўйхати ҳам тасдиқланди. Унга кўра, нафақат тезликни ошириш, стоп-чизиқни босиш, камар тақмаслик ёки авторақам билан боғлиқ қоидабузарликлар, балки рулда телефондан фойдаланиш, тротуардан ва автобус учун мўлжалланган бўлакдан юриш, тўхташ, тўхтаб туриш ва қувиб ўтиш қоидаларини бузиш ҳам радарлар орқали аниқланиши мумкин.

Бундан ташқари, авария ҳолатини келтириб чиқариш, гуруҳ бўлиб ҳаракатланиш, йўл безорилиги, гувоҳномаси йўқ шахснинг машина бошқариши ва темирйўл кесишмасидан ҳаракатланишга доир ҳуқуқбузарликлар учун ҳам фото-видео қайд этиш воситалари орқали жарима қўлланиши мумкин.
Энди асосий масала – қонун рухсат берган бу ваколатларни амалда ишлатишда бўлиб қоляпти. Масалан, гувоҳномаси олиб қўйилган шахс радарнинг тагидан ўтиши биланоқ унга чора кўрилиши мақсадга мувофиқ. Маълумот учун, гувоҳномаси олиб қўйилган ҳайдовчилар Ўзбекистон бўйлаб ҳар йили 200 дан ортиқ одамнинг ўлимига ва 500 дан ортиқ одамнинг жароҳатланишига сабаб бўлади.
Ҳуқуқбузарликни тарғиб қилиш – жазоланади
Қоидабузарлигидан уялиш ўрнига, мақтанадиган тоифа учун ҳам алоҳида жазо киритилиши кутиляпти. Сешанба куни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган қонун билан, қоидабузарликни тарғиб қилганлик учун жавобгарлик белгиланяпти. Бунда, содир этилган ҳуқуқбузарлик фото ёки видеосини ўша ҳуқуқбузарнинг ўзи интернетда тарқатса, бу “ҳуқуқбузарлик тарғиботи” деб топилади ва жавобгарликка сабаб бўлади.
Бу ерда гап фақат шаҳар марказида катта тезликда юрганини кўрсатиб мақтанадиган потенциал қотиллар ҳақида кетмаяпти. Қонун TikTok ёки Instagram'да юлдуз бўлиш, “лайк” йиғиш учун ҳар қанақа қонунбузарликдан ҳам тап тортмаётганларни тийишга қаратилган. Депутатларнинг айтишича, янги қонун айниқса ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларни оммалаштириш ва уларга тақлид қилиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Биринчи ўқишдан ўтган қонундаги яна бир норма ҳам ижтимоий тармоқларга оид. Унга кўра, оммавий тармоқда уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ва жамоат тартибини бузувчи бошқа ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик киритилади.
“Бўйинга бўйинтуруқ осиш хавфи”
Россия пропагандачиларининг Марказий Осиё суверенитетига нисбатан ҳақоратларига бу ҳафта Сенатдан муносабат янгради. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги директори, сенатор Абдусаид Кўчимов империяпарастларни “акиллаган лайчалар” деб атаб, уларнинг “ковушини тўғрилаб қўйиш”га чақирди.
“Мувозанат бузилиб, яна империяпарастлик, бўйинга бўйинтириқ осиш хавфи пайдо бўлса-чи? Кўчада ҳасса суянган ҳар бир ўткинчи „мен сенинг бош тоғингман, оғангман“ деб турса-чи? Бу империяни қўмсаш эмасми, азиз дўстлар?
[...] Карвонимизга таҳдид қиладиган ҳар қандай кучга, акиллаган ҳар қандай лайчага ёки ҳар қандай қашқирга қарши ўз жойида жавоб беришимиз, ковушини тўғрилаб қўйишимиз, попугини пасайтириб қўйишимиз, ақлини киритиб қўйишимиз шарт ва керак”, – деди Кўчимов.
Йил бошидан бери шимолдагиларнинг акиллаши зўрайган бир фонда, Ўзбекистон ўзининг ҳарбий соҳадаги ташқи ҳамкорлик алоқаларини диверсификация қилишда давом этяпти. Маълум бўлишича, Ўзбекистон Бразилиянинг Embraer компаниясига C-390 Millennium русумли транспорт самолётларини етказиб бериш бўйича буюртма берган. Компания раҳбарига кўра, Ўзбекистон бу самолётни эксплуатация қиладиган Марказий Осиёдаги биринчи давлатга айланади. Маълумот учун, XXI асрда лойиҳалаштирилган C-390 Millennium – ўз синфидаги энг замонавий ҳарбий транспорт самолёти ҳисобланади.

Қолаверса, ўтган ҳафта Туркияда бўлиб қайтган президент Шавкат Мирзиёев бу ҳафта давлат ташрифи билан Покистонга борди ва сиёсий етакчилардан ташқари, ҳарбийлар билан ҳам учрашди. Таъкидлаш керак, Покистонда ҳарбий элита анъанавий равишда сиёсий элитадан устунроқ мавқега эга, шу сабаб панжоблик генераллар билан музокаралар – икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг барқарорлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга.
Ўзбекистон томонининг расмий релизида айтилишича, Шавкат Мирзиёев ва Покистон Мудофаа кучлари бош қўмондони Асим Мунир ўртасидаги учрашувда “бугунги кундаги таҳдидларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган”. Покистон томони Ўзбекистон етакчисини ўз ҳарбий саноатидаги ютуқлар, замонавий техника ва қурол-яроғлар билан таништирган; томонлар ҳарбий ва ҳарбий-техника соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олган.
Давлат ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф қўшма декларацияни қабул қилди, уларнинг ҳузурида 20 дан ортиқ икки томонлама битимлар имзоланди. Имтиёзли савдо режимини кенгайтириш, порт хизматларига чегирмалар ва Бобурийлар меросини асраш ва кенг тарғиб қилиш тўғрисидаги битимлар – шулар жумласидан. Икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасида эса “йўл харитаси” қабул қилинди. Бошқа бир битимга асосан, Ўзбекистон мусулмон дунёсидаги ягона ядровий қудрат билан радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик қиладиган бўлди.
Исломободда икки давлатнинг яқинлигини урғулайдиган бошқа тадбирлар ҳам бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёевга “Нишони Покистон” олий мукофоти билан тақдирланди; Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори унвонлари топширилди. Исломобод кўчаларидан бирига Тошкент номи берилди, шаҳарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғ қад ростлайдиган бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Покистоннинг 300 дан ортиқ компаниялари қатнашган қўшма бизнес форумда ўзаро савдони 2 млрд долларга етказиш мақсади белгиланди.
Дарвоқе, мезбон мамлакатнинг F-16 қирувчилари Ўзбекистоннинг биринчи бортига ҳавода ҳамроҳлик қилгани ҳам эътиборга молик.
Самарқанддаги таълим пешволари – шов-шув марказида
Самарқандда таълим соҳаси амалдорлари билан боғлиқ можаро юзага келди. Маълум бўлишича, ҳар йили Санкт-Петербург шаҳрида ўтказиладиган “Алвон елканлар” байрамига ўтган йили Самарқанддаги мактаб ўқувчилари ҳам таклиф этилган. Қоидага кўра, байрамга аълочи, олимпиадаларда ўрин олиб юрган болалар бориши керак бўлган, лекин аълочилар қолиб кетиб, саёҳат асосан амалдорларнинг болаларига насиб қилган. Петербургга борганлар орасида Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамовнинг ўғли ва жияни, бошқарманинг айрим бўлимлари раҳбарлари ва масъул ходимларининг фарзандлари борлиги айтиляпти.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолатни ўрганаётганини маълум қилди. Кўп ўтмай Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қонунбузарлик бўлганини тасдиқлаб, вазирликдан айбдорларга чора кўришни талаб қилди. “Уларнинг бориб келиши учун маҳаллий бюджетдан 95 миллион сўм ажратилган экан. Уч боланинг ота-онасидан 28 миллион сўм маҳаллий бюджетга қайтарилди”, деди агентлик директори Акмал Бурхонов.

Таълим соҳасига оид бошқа хабарлар чоршанба куни президент ҳузуридаги йиғилишда янгради: мактабгача ва мактаб таълими вазири ва бошқа масъуллар давлат раҳбарига ўз режаларини тақдимот қилди. Асосий янгиликлардан бири – “Янги авлод” номли алоҳида тоифа давлат боғчалари ташкил этилиши билан боғлиқ. Вазир Эъзозхон Каримовага кўра, “Янги авлод” боғчалари – худди Президент мактаблари каби – бутун тизимни ортидан эргаштирадиган илғор намуна бўлади. Элит тоифадаги бу боғчалар тармоғини шакллантириш бу йил Тошкент ва Қорақалпоғистонда бошланиб, 2028 йилгача барча ҳудудларни қамраб олиши кўзда тутилган. Бу боғчалар 120 нафар болага мўлжалланган бўлади, улардаги тарбиячиларга алоҳида устама тўланади.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Дастур бошловчиси – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
22:01 / 02.02.2026
Aviator’даги ёнғиндан сўнг Ўзбекистон бўйлаб шу каби объектларни текшириш бошланди
10:40 / 02.02.2026
Қамашида йўлни қордан тозалаш ишларига махсус техникалар жалб этилди
20:27 / 01.02.2026
“Фидойи қутқарувчи” медалини таъсис этиш режалаштирилмоқда
09:05 / 01.02.2026