2020 йилнинг октябр ойи. Қамоқхона камерасида ўтирган, ота-онасининг жанозасига боришига рухсат берилмаган, тушкунликдан ҳатто ўз жонига қасд қилишга уринган сиёсий маҳбус бир неча кун ўтиб давлат раҳбарига айланади. Бу сиёсатчи – Қирғизистоннинг амалдаги президенти Садир Жапаров.

Kun.uz қўшни республикада юз бераётган кадрлар алмашинуви фонида Жапаровнинг кескин бурилишларга бой ҳаёти, Қамчибек Ташиев билан сирли иттифоқи, Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатларидаги “музнинг эриши” ва алоқаларнинг яхшиланиши ҳақида ҳикоя қилади.

Колхоздан депутатликка

Садир Жапаров 1968 йилда, Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1987 йилда Чуй вилоятидаги “Санташ” колхозида ишчи сифатида бошлаган, кейинчалик колхоз раҳбарига айланган. 1986-1991 йилларда Бишкекдаги Қирғиз давлат жисмоний тарбия институтида ўқиб, бу орада ҳарбий хизматни Россиянинг Новосибирск шаҳрида ўтаб келган.

Жапаров 90-йиллар ўрталари ва 2000-йиллар бошларида Иссиқкўл вилоятидаги бир нечта нефт компанияларига раҳбарлик қилган. Сиёсий майдонга эса анча кеч, 37 ёшида кириб келади. 2005 йил бошида Қирғизистонда “Лола инқилоби” рўй бериб, йирик намойишлар тўлқини авж олади. Ана шу тўлқинга сабаб бўлган сайловда Жапаров ўзи туғилган Туп туманидан парламент депутатлигига сайланган.

Сиёсатга чуқурроқ кириб боргани сари, нуфузлироқ диплом заруратини англаган Жапаров 2006 йилда Бишкекдаги энг обрўли олий ўқув юртларидан бири – Борис Елцин номидаги Қирғизистон–Россия Славян университетининг юридик факултетини тамомлайди.

“Лола инқилоби”дан кейин президентликка Қирғизистон Халқ ҳаракати лидери Курманбек Бакиев келади. Жапаров ҳам шу ҳаракат тарафдори эди ва тезда Бакиев жамоасига қўшилади. 2007–2010 йиллар оралиғида у дастлаб президент маслаҳатчиси, кейинчалик Коррупцияга қарши кураш миллий агентлиги директори сифатида ишлайди.

Жапаров нега қамалган?

2010 йилда Бишкек ва Қирғизистоннинг бошқа шаҳарларида яна оммавий намойишлар бошланади. Инқилобчилар Бакиевни авторитаризмда айблайди ва мамлакатда оғир иқтисодий вазият юзага келганидан норозиликларини билдира бошлайди. Натижада Бакиев ҳокимиятдан ағдарилади ва чет элга қочиб кетади. Бу орада Жапаров мухолифат “Ата-Журт” партияси таркибига қўшилади ва депутат сифатида яна парламентга қайтади. Унинг сиёсий “фишка”си ва халқни эргаштира олган асосий шиори битта эди – “Қумтор” олтин конини миллийлаштириш. Сиёсатчи йиллар давомида “Қирғизистон олтини қирғизларга қолиши керак”, дея тинимсиз такрорлаб келади. Бу Жапаровга оддий халқ орасида катта обрў олиб келади, ўз навбатида марказий ҳокимиятдагиларнинг жаҳлини чиқарарди. Шу тариқа Садир Жапаров ва Алмазбек Атамбоев ҳукумати ўртасидаги очиқ қарама-қаршилик бошланади.