15 феврал куни совет қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганига 37 йил тўлди. Бу уруш нафақат минтақавий можаро, балки глобал геосиёсий рақобат марказига ҳам айланган эди. Таҳлилчиларга кўра, Хитой ўз хавфсизлигини ҳисобга олган ҳолда, советларга қарши позиция эгаллаган ва АҚШ билан стратегик яқинлашув орқали катта дипломатик ютуқларга эришган.

“Geosiyosatkunuz” саҳифасида сиёсатшунослар мазкур сана муносабати билан афғон уруши мавзусида сўз юритди.

— Советларнинг Афғонистонга бостириб киришига Хитойнинг муносабати қандай бўлган?

Ҳамза Болтаев: Хитой Совет-Афғон уруши даврида амалда АҚШ томонига яқин позиция тутди. Бунинг асосий сабаби 1960 йиллардан кейин Совет иттифоқи билан муносабатларнинг кескин ёмонлашгани эди. 1969 йилдаги чегара тўқнашувларидан сўнг Пекин Москванинг ҳаракатларини экспансионистик таҳдид сифатида қабул қила бошлади.

1970 йилларда Ҳенри Киссинжернинг Пекинга махфий ташрифи ва ундан кейинги АҚШ–Хитой яқинлашуви бу жараённи тезлаштирди. Натижада Хитой ҳудудида, хусусан Шинжон минтақасида, АҚШ билан ҳамкорлик доирасида разведка объектлари фаолият юритгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Хитой учун масала фақат АҚШ билан яқинлашув эмас эди. Энг аввало, у совет қўшинларининг Афғонистонга киришини ўз хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрди.

Афғонистон Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном ҳудудига яқин жойлашган. Бу ҳудудда уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва бошқа туркий халқлар яшайди. Москванинг жанубга силжиши Пекин назарида потенциал хавф эди. Шу боис Хитой Совет иттифоқини минтақавий экспансионист куч сифатида баҳолади ва унга қарши кучлар билан билвосита ҳамкорлик қилди.

Қурол-яроғ етказиб бериш занжирида Покистон муҳим транзит ролини ўйнаган. Баъзи манбаларга кўра, Хитойда ишлаб чиқарилган қуроллар ҳам Покистон орқали афғон мужоҳидларига етказилган.

Совет иттифоқига қарши умумий стратегик манфаатлар АҚШ ва Хитойни яқинлаштирди. Бу яқинлашув эвазига Хитой АҚШнинг расмий расмий тан олишига эришди, Вашингтон Тайван билан алоқаларини қайта кўриб чиқди. 1980 йиллардаги қўшма коммюникелар, жумладан “Ягона Хитой” сиёсати – Хитой дипломатиясининг муҳим ютуғи бўлди.

Яъни Афғонистон уруши фонида шаклланган геосиёсий яқинлашув Пекиннинг халқаро легитимлигини мустаҳкамлади. Минтақада яна бир муҳим ўйинчи Исроил эди. Совет иттифоқи узоқ йиллар давомида Сурия, Ироқ ва Миср каби Исроилга нисбатан душман позициядаги давлатлар билан яқин ҳарбий-техник ҳамкорлик қилган. Шу сабабли Исроил ҳам Москва таъсирини чеклашдан манфаатдор эди.