Иқтисодиёт | 10:48 / 18.02.2026
3264
2 дақиқада ўқилади

Айрим товарлар учун импорт божи ставкалари вақтинча пасайтирилади

ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия баёни тасдиқланди. 2026 йил 17 февралдан 2027 йил 1 январгача айрим турдаги товарларга импорт божининг вақтинчалик пасайтирилган ставкалари қўлланилади, айрим йўналишларда эса бождан озод қилиш назарда тутилди.

Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссияси йиғилишининг 2026 йил 16 февралдаги баёни тасдиқланди. Ҳужжатга мувофиқ, юқори қўшилган қийматга эга саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, рақобатбардошликни ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим импорт божи ставкалари ўрнига вақтинчалик пасайтирилган ставкалар жорий этилади.

Вақтинчалик бож ставкалари 2026 йил 17 февралдан 2027 йил 1 январга қадар амал қилади. Шу билан бирга, 2027 йил 1 январгача айрим ТИФ ТН кодлари бўйича олиб кирилаётган товарлар тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида импорт қилинганда, пасайтирилган ставкалар “Лойиҳалар ва импорт контрактларини экспертиза қилиш маркази” ДУКнинг ижобий хулосаси асосида татбиқ этилади. Агар ушбу шартлар бажарилмаса, тегишли товарларга белгиланган амалдаги ставкалар қўлланади.

Пасайтирилган ставкалар доирасида апелсин, ананас, грейпфрут, памело ва бошқа цитрус мевалар шарбатларини ишлаб чиқаришда қўлланадиган мевалар концентратлари учун импорт божи 3 фоиз этиб тасдиқланди.

Энг муҳим янгиликлардан бири сифатида, олмослар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар ҳамда кабел маҳсулотларини ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланиладиган алюминий симлар импорт божидан озод қилингани қайд этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид