Хорижда ишлаш учун тўлов қилган, бироқ айрим ташкилий ҳолатлар сабабли ишга кетолмаган фуқароларга маблағлари қайтариб берилади. Бу ҳақда Миграция агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, 2023–2024 йилларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ҳамда 2025 йилда Миграция агентлигига хорижга ишга юбориш хизматлари учун тўлов амалга оширган, бироқ хорижий иш берувчи томонида юзага келган айрим ташкилий ёки бошқа ҳолатлар туфайли ишга жўнаб кетмаган фуқаролар манфаатларини таъминлаш мақсадида тўланган маблағлар қайтарилади.
Тўланган маблағларни қайтариб олиш учун 2026 йил 20 мартгача https://xorijdaish.uz/#services?key=refund-money манзили орқали электрон ариза юбориш лозим.
“Мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва тақдим этилган ҳужжатлар асосида қарор қабул қилинади”, дейилади агентлик хабарида.











