Соғлом ҳаёт | 17:31 / 23.02.2026
2706
3 дақиқада ўқилади

Ажинлар кўпайиб, эрта қарияпсизми? Муаммо косметикада эмас, овқатда бўлиши мумкин

Инсон қариши табиий биологик жараён бўлса-да, замонавий тиббиёт бу ҳолат тезлашиши турмуш тарзи ва овқатланиш одатларига ҳам боғлиқлигини таъкидлайди. Геронтологлар фикрича, организмда тўпланадиган яллиғланиш, оксидатив стресс ва метаболик бузилишлар таъсирида қариш кучаяди. Кундалик рациондаги ултра-қайта ишланган, ортиқча қовурилган таомлар, ширин газли ичимликлар ушбу жараённи тезлаштиради.

Фото: Shutterstock

Шакар ва ширинликлар – коллагеннинг асосий душмани

Шифокорлар, энг аввало, ортиқча шакар истеъмолига эътибор қаратади. Организмга кўп миқдорда шакар тушганда гликация деб аталадиган жараён юз беради, бунда шакар молекулалари оқсиллар билан бирикиб, терининг асосий структураси бўлган коллаген ва эластинни зарарлайди. Оқибатда тери эластиклиги пасаяди, ажинлар эрта пайдо бўлади ва тўқималарнинг тикланиши секинлашади. Дерматология кузатувлари юқори шакарли рацион терининг биологик қариш тезлигига бевосита таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатади.

Ултра-қайта ишланган маҳсулотлар – яширин яллиғланиш манбаи

Колбаса, фастфуд, чипс, ярим тайёр таомлар каби ултра қайта ишланган маҳсулотлар организмда яширин сурункали яллиғланиш жараёнини кучайтириши эҳтимоли билан хавфли ҳисобланади. Уларнинг таркибида транс ёғлар, ортиқча туз, консервантлар ва стабилизаторлар бўлади. Узоқ муддат мунтазам истеъмол қилинганда бундай маҳсулотлар метаболизмни издан чиқариб, юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет ва ёшга боғлиқ бошқа касалликлар ривожланишига туртки бўлиши мумкин. Геронтологлар айнан шу паст даражадаги сурункали яллиғланишни қаришнинг муҳим биологик механизмларидан бири деб ҳисоблайди.

Газли ширин ичимликлар – метаболизм сусайиши

Ширин газли ичимликлар метаболик қаришни тезлаштирувчи омиллардан бири сифатида тилга олинади. Улар қисқа вақт ичида қонда глюкоза даражасини кескин оширади, бу эса инсулин тизимига ортиқча юк беради. Тез-тез глюкоза сакраши вақт ўтиши билан инсулин қаршилиги, ёғ тўпланиши ва қон томирлари зарарланишига олиб келиши мумкин. Метаболик тизимдаги бундай бузилишлар ички касалликлар хавфини ошириш билан бир қаторда ташқи қариш белгиларини ҳам тезлаштиради.

Кучли қовурилган овқатлар – ҳужайра оксидланиши кучайиши

Юқори ҳароратда қовурилган таомлар ҳам организмга қўшимча оксидатив юк беради. Қовуриш жараёнида ҳосил бўладиган эркин радикаллар ҳужайра мембранасига зарар етказиб, оксидатив стрессни кучайтиради. Бу жараён тери қаришини тезлаштириши, томир эластиклигини камайтириши ва иммун тизимининг заифлашишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, диетологлар кундалик рационда қовурилган овқат улушини камайтириб, буғда пишириш ёки димлаш каби усуллардан кўпроқ фойдаланишни тавсия қилади.

Спиртли ичимликлар: сувсизланиш ва ҳужайра тикланишининг секинлашуви

Спиртли ичимликлар ҳам биологик қариш тезлигига таъсир қилувчи омиллар қаторига киради. Спирт организмни сувсизлантиради, жигарга ортиқча юклама беради ва ҳужайралар тикланиш жараёнини секинлаштиради. Оқибатда тери қуриши, рангнинг хиралашуви, кўз ости шишлари ва умумий чарчоқ ҳисси пайдо бўлади. Узоқ муддат мунтазам истеъмол қилинганда бу таъсирлар янада кучаяди.

Рационда шакар, қайта ишланган маҳсулотлар, қовурилган таомлар ва ширин ичимликлар миқдори устун бўлса, организмда яллиғланиш ва оксидатив стресс аста-секин кучайиб боради. Қариш айнан шу жараёнлар фонида кучаяди.

Диёрахон Набижонова
Муаллиф Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид