Москва давлат университети ва хитойлик мутахассислар Томпакасар ҳамда Олтин-Асар қабристонларидан топилган иккита бўр буюмни ўрганди. Тадқиқот натижалари npj Heritage Science журналида эълон қилинди.
Ушбу ёдгорликлар Орол денгизидан шарқда, Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган Жетиасар маданиятига мансуб. Ҳудуддаги манзилгоҳ ва қабристонларни Хоразм экспедицияси совет давридаёқ ўрганган. У ердан топилган матолар, тақинчоқлар ва металл буюмлар маҳаллий аҳолининг Осиёнинг турли минтақалари билан алоқалари бўлганини кўрсатган.
Тадқиқ қилинган буюмлар вафот этганида тахминан 30–39 ёшда бўлган икки аёлнинг қабридан топилган. Қазишмалардан кейин улар Шарқ музейида сақланган.
Шунга ўхшаш бўр бўлаклари аввал ҳам кўзгу, тароқ, чиғаноқ, пичоқ, баъзан эса қисқич ва кичик идишлар билан бирга учраган. Бундай буюмлар аёлларнинг пардоз ва парвариш тўпламига кирган бўлиши мумкин. Бироқ қабрларнинг қадимдаёқ талангани топилмалар вазифасини аниқлашни қийинлаштирган.
Олимлар намуналарнинг элемент таркибини текшириб, тузилишини электрон микроскопда кўрган, шунингдек, рентген ва спектроскопик усуллардан фойдаланган. Натижада асосий модда калций карбонат экани аниқланган.
Денгиз организмларига тегишли микроскопик оҳакли пластинкалар қолдиқлари буюмлар табиий бўрдан тайёрланганини кўрсатган. Бу жиҳат уларни қадимги Хитой косметик рецептларида учрайдиган майдаланган марварид ёки ғорлардан олинган минерал хомашёдан фарқлайди.
Таҳлил давомида 300 дан ортиқ органик модда аниқланган. Улар орасида қадимги аралашманинг эҳтимолий таркибий қисмлари билан бирга, кейинчалик тушган ифлослантирувчи моддалар ҳам бўлган.
Тадқиқотчиларни айниқса ўсимликлар эфир мойлари таркибида ишлаб чиқарадиган терпенлар ва уларга яқин бирикмалар қизиқтирган. Аниқланган моддалар бирикмаси долчин ва шувоққа мос келиши, айримлари эса ялпиз ёки шу оилага мансуб бошқа ўсимликлар ишлатилганидан дарак бериши мумкин.
Олимларнинг талқинига кўра, бўр косметик воситанинг асоси бўлган, ўсимлик қўшимчалари эса унга хушбўйлик ва қўшимча хусусиятлар берган. Ҳозирча восита терига қандай суртилгани исботланмаган, қадимги маҳсулотнинг асл ҳидини ҳам тиклашнинг имкони бўлмаган.
Айрим таркибий қисмлар узоқ ҳудудлардан келтирилган бўлиши эҳтимол қилинмоқда. Масалан, долчин мойи Жанубий Ҳиндистондан ёки долчинга яқин кассия ўсадиган Хитойдан олиб келинган бўлиши мумкин. Агар бу тахмин тасдиқланса, топилмалар узоқ масофали савдо алоқалари маҳаллий аҳолининг кундалик пардоз одатларига ҳам таъсир қилганини кўрсатади.

















