Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лаб бўёғи синовчиси: гўзаллик индустриясидаги энг ноодатий касблардан бири
Косметика дунёсидаги энг ноодатий касблардан бири — лаб бўёғи синовчиси. Улар ранги, чидамлилиги ва ҳатто таъмини текширади, ҳатто баъзи компанияларда бир кунда 30 турдаги бўёқни синашга ҳам тўғри келади.
Фото: AP
Косметика индустрияси дунёдаги энг тез ривожланаётган соҳалардан бири. Ҳар йили юзлаб янги лаб бўёқлари ишлаб чиқарилади. Улар дўконга чиқишидан аввал эса синовдан ўтиши шарт. Шу ерда майдонга чиқадиган ноодатий касб — лаб бўёғи синовчиси дейилади.
Лаб бўёғи синовчиси ким?
Бу мутахассиснинг вазифаси фақатгина лабига бўёқ суришдан иборат эмас. У ҳар бир маҳсулотнинг турли жиҳатларини текшириши керак:
- ранги ва ёруғликда қандай кўриниши;
- лабни қуритиш-қуритмаслиги;
- чидамлилиги — овқатланганда, сув ичганда, кун давомида қандай сақланиши;
- ҳиди ва таъми;
- турли тери турларида қандай таъсир кўрсатиши.
Дунёнинг йирик косметик компанияларининг барчасида бундай иш ўрни жорий этилган. Масалан, L’Oréal, MAC, Maybelline, Revlon каби йирик брендларда махсус “product tester” (маҳсулот синовчиси) лавозимлари бор. Улар лабораторияда ҳам, бозорга чиқишдан олдинги маркетинг текширувларида ҳам ишлашади.
Европа ва АҚШда лаб бўёғи синовчилари ойига ўртача 2000–4000 доллар атрофида маош олишади. Баъзан брендлар ҳар бир тест учун алоҳида тўлов қилади. Шунингдек, улар компаниянинг барча янги маҳсулотларини биринчилардан бўлиб синаб кўриш имкониятига эга бўладилар.
Қизиқ фактлар
Дунёдаги машҳур лаб бўёғи синовчиларидан бири — L’Oréal компанияси ходими, у касбини 25 йилдан бери бажаради ва 10 мингдан ортиқ турли лаб бўёқларни синаб кўрган.
Кўплаб синовчилар махсус диеталарга амал қилади: ёғли ва ўта калорияли овқатлардан тийилишади, чунки бу лаб бўёқ қанчалик чидамли эканлигини аниқлашди халал бериши мумкин.
Айрим лабораторияларда синовчилар бир кунда 20–30 турли бўёқни текшириши керак бўлади. Шунинг учун улар лаблари учун тез-тез тозалаш, махсус намлантирувчи воситалар ишлатишади.
Японияда эса бунинг учун махсус робот лаб моделлари яратилган. Улар ёрдамида бўёқнинг чидамлилиги автомат равишда текширилади. Бироқ одам таассуротини робот ҳали тўлиқ алмаштира олмайди.
Ўзбекистонда махсус “лаб бўёғи синовчиси” деган касб йўқ. Аммо бу вазифани кўпинча бьюти-блогерлар, визажистлар ва косметологлар бажаради. Улар янги маҳсулотларни синаб кўриб, ижтимоий тармоқларда ўз таассуротларини баҳам кўришади.