Жамият | 09:50 / 23.02.2026
1986
2 дақиқада ўқилади

Бурятияда сақланаётган 8 нафар ўзбекистонликни ватанга қайтариш масаласи муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Улан-Удэ шаҳридаги Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида бўлиб, у ерда ушлаб турилган фуқароларнинг ҳолатини ўрганди ва уларни тезроқ қайтариш имкониятларини муҳокама қилди.

Фото: Дунё” АА

Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Россиянинг Улан-Удэ шаҳрида Ички ишлар вазирлигининг Бурятия Республикаси бўйича Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида бўлиб турган ватандошлар билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.

Айни пайтда ушбу марказда 8 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлиб турибди. Мазкур муассаса раҳбарияти билан ўтказилган мулоқотда юртдошларимизнинг яшаш шароити, таъминоти, овқатланиши, уларни ватанга тезроқ қайтариш имкониятлари муҳокама қилиниб, фуқаролар жойлашган бинолар кўздан кечирилди.

Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси билан алоҳида суҳбатлар давомида уларнинг илтимос ва истаклари тингланди, Бурятия Республикаси ҳудудидаги ҳуқуқбузарликларнинг хусусиятларига оид барча маълумотлар батафсил ёзиб олинди.

Маълум бўлишича, фуқароларнинг аксарияти меҳнат шартномалари ва патентларини расмийлаштириш, Бурятияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш муддатларини бузгани, Россия ҳудудида қонуний бўлиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш тартибига риоя қилмагани сабабли махсус марказда қолмоқда.

Айни пайтда Бош консулхона томонидан мазкур муассасада бўлиб турган икки нафар ўзбекистонлик аёлни имкон қадар тезроқ ватанга қайтариш масаласи ҳал этилмоқда. Мамлакатнинг қолган олти нафар фуқароси ҳам бир неча кун ичида ортга қайтарилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид