Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, 2026–2027 йилларда тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда оқова сувларни чиқариб юбориш тармоқларига уланмаган биттадан туман (шаҳар)да суюқ маиший ва органик чиқиндиларни компостлаш орқали биогаз ва органик ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади.
Лойиҳалар санитар тозалаш корхоналари ва салоҳиятли инвесторлар иштирокида ташкил этилади. Уларни амалга ошириш тартибига оид алоҳида низом тасдиқланиши назарда тутилган.
Қайд этилишича, мазкур ташаббус чиқиндиларни хавфсиз “йиғиш–ташиш–қайта ишлаш” занжирини йўлга қўйиш, оқова тармоқларига уланмаган ҳудудларда ҳосил бўладиган чиқиндиларни қайта ишлаш, полигонларга чиқиндилар жойлаштириш ҳажмини қисқартириш ҳамда муқобил энергия ва органик ўғит ишлаб чиқариш орқали атроф-муҳит муҳофазасини кучайтиришга қаратилган.
Қарор ижроси учун Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ҳамда вилоятлар ҳокимлари шахсан жавобгар этиб белгиланмоқда.

















