Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент Термиз туманидаги “Томорқа мактаби” фаолияти билан танишди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида Термиз туманидаги “Томорқа мактаби” фаолияти билан танишиб, сув тежаш технологиялари ва аҳолини даромадли банд этишга қаратилган лойиҳаларни кўздан кечирди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Давлат раҳбари дастлаб сув хўжалигида маҳаллийлаштирилган техника ва ускуналар тақдимоти билан танишди. Таъкидланишича, сув тежаш технологиялари ва замонавий ирригация тизимларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш орқали харажатларни камайтириш, иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда фермер ва аҳолининг талабини тезкор таъминлаш мумкин.
Президент бу йўналишга янада кўпроқ эътибор қаратиш, илмий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
“Томорқа мактаби” аҳолини ўз томорқаларидан самарали фойдаланиш, сердаромад экин турларини жорий этиш, маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлашнинг замонавий усулларини ўргатишга ихтисослашган. Муассаса банкларнинг молиявий кўмаги асосида фаолият юритмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади — ишсиз ва кам таъминланган оилаларни барқарор даромад манбаига эга қилиш. Бу жараёнда деҳқончиликнинг илмий асослари, юқори даромадли маҳсулот етиштириш технологиялари ва замонавий томорқачилик усуллари амалий тарзда ўргатилмоқда.

Инновацион мактаб Термиз, Музработ, Қизириқ, Бандихон, Ангор ва Жарқўрғон туманларини қамраб олган. Унинг таркибида ўқув биноси, уч гектар иссиқхона ва уч гектар ўқув-тажриба майдони мавжуд.
Иссиқхонада Сурхондарё иқлимига мослаштирилган банан, папайя, розмарин, лаванда, лимон, анжир, брокколи, булғор қалампири ва бошқа экинлар етиштирилмоқда. Шунингдек, кўчатчилик ва гулчилик йўлга қўйилган, томчилатиб суғориш тизими жорий этилган.
Мактабда бир йилда уч марта ҳосил олиш амалиёти ўқитилмоқда. Ўқув жараёнига олимлар, мутахассислар ва тажрибали деҳқонлар жалб этилган.

Ҳозирга қадар 1300 нафарга яқин ишсиз ва кам таъминланган фуқаро махсус курсларни тугатиб, ўз томорқаси ёки ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали ўзини ўзи банд қилган. Ҳоким ёрдамчилари ҳар ойда 220 нафардан, йилига 2700 нафаргача ер эгаларини ўқишга йўналтирмоқда. Тингловчиларнинг ўқиш харажатлари йўлланма ёки ваучер тизими орқали қоплаб берилмоқда.
Курс иштирокчиларига юқори даромадли экинлар экиш ва бир сотих ердан ўртача 10–15 миллион сўм даромад олиш методикаси амалиётда кўрсатилмоқда. “Агростар” компаниялари эса тингловчиларни уруғ ва кўчатлар билан таъминлаб, етиштирилган маҳсулотларни харид қилишни ташкил этади.

Президент мактабда томорқадан уч марта ҳосил олиш амалиёти, саноатлашган боғлар ва сув тежовчи технологиялар тақдимоти билан танишди. Шунингдек, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, қайта ишлаш орқали қўшилган қиймат яратиш, ҳудуд учун янги бўлган ўсимликлар, жумладан цитрус ва тропик мевалар етиштиришни ўзлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Мавзуга оид
16:03
Жарқўрғонда “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилмоқда
14:09
Президент Сурхондарёдаги йирик сув инфратузилмаси лойиҳасини кўздан кечирди
19:33 / 24.02.2026
Қаловини топса, қор ҳам ёнади-2: Сурхондарёда судялар қотилни “безори”га айлантиришди
16:43 / 20.02.2026