Ўзбекистонда рақамли савдо майдончаларида бизнес юритиш учун тенг шароитлар яратиш режалаштирилмоқда. Бу – давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган.
Фармонга кўра, 2026 йил охиригача қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади:
тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги битимларни электрон савдо платформалари орқали амалга оширишга рухсат бериш ва барча зарур ҳужжатларни бевосита рақамли форматда расмийлаштириш имкониятини яратиш;
рақамли платформалар фойдаланувчиларининг шикоятларини судгача кўриб чиқишнинг шаффоф тартибини, платформа қоидалари ўзгариши ҳақида бозор иштирокчиларини олдиндан хабардор қилиши каби мажбуриятларни белгилаш;
корпоратив буюртмачиларнинг давлат харидлари бўйича олдиндан тўловларини бюджет буюртмачилари учун белгиланган тартиб, миқдор ва шартларга мувофиқлаштириш;
йирик буюртмачилар учун уч йиллик харид режалари, смета ва бизнес-режаларни харид режа-жадваллари билан боғлаш, инвестиция лойиҳалари бўйича алоҳида харид режаси, ягона техник талаблар ва KPI кўрсаткичларини жорий этиш;
давлат харидлари доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан 100 миллион сўмгача бўлган кичик ҳажмдаги товарларни харид қилиш имкониятини кўриб чиқиш.
Маълумот учун, “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунда электрон тижоратда ҳар иккала томон – сотувчи ҳам, харидор ҳам хоҳ жисмоний шахс, хоҳ юридик шахс бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.







