Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
iPhone ва iPad НАТОнинг махфий маълумотлари билан ишлашга рухсат олди
Apple Америка компанияси 26 феврал, пайшанба куни iPhone ва iPad қурилмалари НАТО давлатларининг ахборот хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган илк оммавий истеъмол (consumer) қурилмаларга айланганини эълон қилди.
Бу улардан махсус дастурий таъминот ўрнатмасдан ёки алоҳида созламалар қилмасдан туриб, NATO Restricted даражасидаги махфий маълумотлар билан ишлаш учун фойдаланиш имконини беради. Apple пресс-релизида таъкидланишича, бундай даражадаги давлат сертификатига ҳозиргача истеъмол сегментидаги ҳеч бир мобил қурилма эришмаган.
Бундан олдин iPhone ва iPad Германия Федерал ахборот хавфсизлиги идораси (Bundesamt für Sicherheit in der Informationstechnik, BSI) экспертлари томонидан пухта текширувдан ўтказилгандан сўнг, iOS ва iPadOS’нинг стандарт (ўрнатилган) ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда Германия ҳукуматига тегишли махфий маълумотлар билан ишлашга рухсат олган эди. Энди iOS 26 ва iPadOS 26 ишлайдиган iPhone ва iPad НАТОнинг барча мамлакатларида шу мақсадлар учун сертификатдан ўтган.
“Хавфсиз рақамли трансформация фақат шундагина мумкинки, ахборот хавфсизлиги мобил маҳсулотларни ишлаб чиқишнинг энг бошиданоқ ҳисобга олинса”, — деди BSI раҳбари Клаудиа Платтнер. “BSI томонидан Германияда махфий ахборот муҳитларида ишлаш учун iOS ва iPadOS платформаси ва қурилмалар хавфсизлиги қатъий аудитдан ўтказилганига таяниб, биз НАТО давлатлари талабларига мувофиқликни тасдиқлашдан мамнунмиз”, — дея қўшимча қилди у.
Сертификация доирасида BSI кенг қамровли техник баҳолаш, ҳар томонлама тестлар ва хавфсизлик бўйича чуқур таҳлил ўтказиб, Apple’нинг ўрнатилган ҳимоя воситалари НАТО давлатларининг операцион талабларига мос келишини тасдиқлади. iOS 26 ва iPadOS 26 НАТОнинг ахборот хавфсизлиги маҳсулотлари каталогига киритилди.
“Бу ютуқ Apple хавфсизликни таъминлашга доир анъанавий ёндашувни ўзгартирганини кўрсатади. iPhone пайдо бўлишидан олдин ҳимояланган қурилмалар фақат улкан инвестициялар эвазига махсус ечимлар орқали йирик давлат ва корпоратив тузилмалар учунгина мавжуд эди”, — деди Apple’нинг тизим хавфсизлиги ишланмалари бўйича вице-президенти Иван Крстич.
“Apple барча фойдаланувчилари учун дунёдаги энг ҳимояланган қурилмаларни яратди, ва айнан шу ҳимоя воситалари энди НАТО давлатлари талаблари бўйича ўзига хос тарзда сертификатланган — соҳадаги бошқа ҳеч бир қурилмада бундай эмас”, — дея таъкидлади у.
Мавзуга оид
18:14 / 18.06.2026
Apple смартфонлари қимматлайди - Тим Кук бунинг сабабини тушунтирди
18:12 / 09.06.2026
Тезкор iOS 27 ва Siri чат-бот сифатида — Apple тақдимоти
10:15 / 08.06.2026
Ўзбекистон НАТО шерик давлатлари кунида иштирок этди
22:20 / 06.06.2026