НАТО узоқ йиллар давомида асосий эътиборини Европа хавфсизлиги ва Россияга қаратиб келди. Бугун эса алянс стратегиясида Хитой тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Чунки НАТОнинг асосий давлати – АҚШ узоқ истиқболда Хитойни ўзининг бош геосиёсий рақиби сифатида кўрмоқда.
Мавзу юзасидан сиёсий таҳлилчилар Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида фикр юритди.
— НАТО агарда мудофаа ташкилоти бўлса, Хитой унинг географик ҳудудидан минглаб километр узоқда. Унда нега Хитой асосий стратегик таҳдидлардан бири сифатида тилга олиняпти?
Анвар Йўлдошев: НАТО Хитойга Россияга кўрсатаётган ёрдами нуқтайи назаридан баҳо бермоқда. Чунки Хитой Россияга икки мақсадли маҳсулотлар – микрочиплар, ярим ўтказгичлар ва бошқа юқори технологик компонентларни етказиб бермоқда. Бундан ташқари, жамоатчиликка маълум бўлмаган турли иқтисодий ва технологик ҳамкорлик механизмлари ҳам мавжуд. Буларнинг барчаси Россиянинг саноат ва ҳарбий салоҳиятини сақлаб қолиш ҳамда мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шу сабабли НАТО бугунги кунда Хитойни муҳим стратегик таҳдидлардан бири сифатида кўрмоқда. Бироқ бу фақат Россияни қўллаб-қувватлаётгани билан боғлиқ эмас. Хитойнинг иқтисодий, технологик ва ҳарбий салоҳияти изчил ўсиб бормоқда. НАТО мамлакатлари ва АҚШ эса келажакда Хитой ўзлари учун энг йирик стратегик рақобатчилардан бири бўлишини инобатга олмоқда. Менимча, масаланинг моҳияти айнан шунда.
Камолиддин Раббимов: НАТОнинг таҳдидлар ҳақидаги тасаввури қандай эволюция қилганига қисқача тўхталиш керак. НАТО 1949 йилда ташкил этилган ва Совуқ уруш даврида унинг асосий таҳдид объекти социалистик лагер, хусусан, совет иттифоқи эди. Совуқ уруш тугаб, СССР парчалангач, қарийб йигирма йил давомида НАТО янги стратегик таҳдидни излаш билан банд бўлди.
Ўша даврда ҳатто НАТО ва Россия ўртасида ҳамкорлик кенгаши фаолият юритган, томонлар Брюссел ва Москвада мунтазам учрашиб, хавфсизлик масалаларида ҳамкорлик қилган. Эътиборли жиҳати шундаки, ўша йилларда Хитой НАТО таҳдидлари рўйхатида умуман тилга олинмаган.
2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг НАТО асосий таҳдид сифатида диний экстремизм ва у билан боғлиқ халқаро терроризмни кўра бошлади. Бироқ вақт ўтиши билан мусулмон дунёси Ғарб учун тизимли стратегик рақиб эмаслиги аён бўлди. Аксинча, АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчилари Саудия Арабистони ва бошқа араб монархиялари бўлиб қолди.















