Бугун футбол бўйича Осиёнинг энг кучли лигаларидан бири Ўзбекистон чемпионати бошланди. Бу йил ўзбек футболи учун ўзгача йил — мундиал йили. Шу боис чемпионат ҳам ўзгача ўтади. Формат ҳам, тўхталишлар ҳам бироз бошқача бўлади. Бу йил чемпионлик учун кимлар курашади? Трансфер бозорида ким фаол бўлди? «Ўзбекнефтгаз» ҳомийликни тўхтатса, «Насаф» ва «Бунёдкор» каби клублар ҳоли нима кечади? Қуйида шу ҳақда.

Ҳамма Туркия ва БААда шуғулланди

Қишда Ўзбекистонда футбол ўйнашга ярагулик стадион бўлмайди ҳисоб. Чунки бизнинг иқлимда майсани қишда ҳам яхши сақлаш учун катта пул керак. Шу учун имконини қилган жамоалар мавсумолди тайёргарликни БАА ёки Туркияда ўтказди. Авваллари саноқли жамоалар хориж йиғини ўтказар ва одатда бундай йиғинда қатнашган жамоалар натижалари ҳам яхшироқ бўларди.

Ҳозир аксар клубларнинг молиявий ҳолати яхши, шу учун кимни кўрсангиз, хориж йиғинидан қайтди. Қишки тайёргарликни фақат бизнинг жамоалар эмас, қиш совуқ келадиган бошқа давлат клублари ҳам БАА ва Туркияда ўтказади. Шу сабаб спарринг учун рақиб топиш ҳам қийин бўлмайди.

«Нефтчи» — асосий фаворит

Амалга оширилган трансферлар ва ўтган йилги ўйиндан келиб чиқсак, янги мавсумда ҳам чемпионлик учун асосий даъвогар — «Нефтчи». Ҳозир пул масаласида ҳеч қайси клуб фарғоналикларга яқинлаша олмайди. Бизнинг футболда маошлар эълон қилинмайди, лекин биз футбол журналистлари барибир билиб оламиз. Ҳозир «Нефтчи» футболчиларга таклиф қилаётган маош Европанинг ўртамиёна клублари даражасида.

Ўтган мавсум якунлангач йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган, «Нефтчи»ни чорак аср ўтиб Ўзбекистон чемпиони қилган тожикистонлик Виталий Левченко ишдан кетди. Бу истеъфо «Нефтчи» чемпионлигининг энг асосий омили иқтисодий имконият бўлганини қайсидир маънода исботлайди. Бўлмаса узоқ кутилган чемпионликни келтирган мураббийни нега ишдан олишсин? Левченко ўрнига Европадан бирор кучли мураббий олиб келишса ҳам истеъфо сабабини янги босқичга кўтарилиш деб изоҳласа бўларди.

Янги мавсумда «Нефтчи»га Ўзбекистон ўсмирлари жамоасини Осиё чемпиони қилган Ислом Исмоилов мураббийлик қилади. Кўрамиз, Исмоилов бунчалик кўп юлдузлар тўпланган жамоани қандай бошқараркин.

Трансфер бозорида «Нефтчи» фаол бўлди. Энг асосий трансфер «Динамо» яримҳимоячиси Ратинио бўлди. Майдон марказида ҳозир бу бразилиялик футболчига етадиганини топиш қийин. Шунингдек, ўзбек футболининг энг кучли плеймейкерларидан бири Хуршид Ғиёсов ҳам энди Фарғонада ўйнайди. Хуршид Жамшид Искандеров билан марказда нималар қилиб ташлашини тасаввур қилаверинг. Айтганча, энди Жамшид асосий пеналтичи ролидан айрилса керак, чунки Хуршид бу борада Ўзбекистонда энг яхшиси. Ахир Мурод Холмуҳаммедов футбол ўйнамаяпти.