Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–июл ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 49,5 млрд АҚШ долларига етди.
Бу 2025 йилнинг мос давридаги кўрсаткичга нисбатан 3,7 млрд доллар ёки 8,1 фоизга кўп.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон экспорти 19,9 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг январ–июл ойларига нисбатан 3,6 фоизга кам.
Импорт ҳажми эса 17,8 фоизга ўсиб, 29,6 млрд долларга етди. Шу тариқа, етти ойлик ташқи савдо балансида импорт экспортдан 9,7 млрд долларга кўп бўлди.
Айни пайтда, олтинни ҳисобга олмаганда, товарлар экспортида сезиларли ўсиш қайд этилган. Унинг ҳажми 9,8 млрд долларни ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 27,7 фоизга ошган.
2026 йилнинг етти ойида Ўзбекистон дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширган.
Ташқи савдо айланмасида энг катта улуш Хитой ҳиссасига тўғри келди — 22,7 фоиз. Кейинги ўринларни Россия — 16,4 фоиз, Қозоғистон — 6,6 фоиз, Туркия — 3,3 фоиз ва Афғонистон — 2,5 фоиз билан эгаллади.





