Суд жараёни 18 август куни Калифорния штати Окленд шаҳридаги федерал судда бошланди. Даъвонинг асосий қисми Калифорния, Колорадо, Кентукки ва Ню-Жерси штатлари томонидан илгари сурилган бўлиб, кенгроқ иш доирасида жами 29 штат иштирок этмоқда.

Даъвогарлар Meta Facebook ва Instagramʼда ёш фойдаланувчиларни платформаларда имкон қадар узоқроқ ушлаб туришга қаратилган функциялардан фойдаланганини таъкидламоқда. Уларга кўра, бундай дизайн болалар ва ўсмирларнинг психологик заифликларидан фойдаланиб, платформалардан мажбурий тарзда фойдаланишга ўхшаш одатларни шакллантирган.

Штатлар компанияни ёш фойдаланувчилар учун Facebook ва Instagram хавфсизлиги ҳақида жамоатчиликни чалғитишда ҳам айбламоқда. Бундан ташқари, Meta 13 ёшга тўлмаган болаларнинг шахсий маълумотларини ота-она розилигисиз йиғиш ва қайта ишлаш орқали АҚШнинг болалар махфийлигини ҳимоя қилишга қаратилган COPPA федерал қонунини бузгани даъво қилинмоқда.

«Ёшлар энг фойдали аудитория»

Судда даъвогарлар томонидан иштирок этаётган Калифорния бош прокурори ўринбосари Меган ОʼНилл Meta ўсмирлар психологиясига оид тадқиқотлардан уларнинг эътиборини янада узоқроқ ушлаб туриш учун фойдаланганини таъкидлади.

Даъвогарлар позициясига кўра, компаниянинг бизнес модели фойдаланувчини платформага жалб қилиш, уни имкон қадар узоқ ушлаб туриш, маълумотларини йиғиш ва бу орқали реклама даромадини кўпайтиришга қурилган. Ёш фойдаланувчилар эса компания учун узоқ муддатли ва қимматли аудитория ҳисоблангани иддао қилинмоқда.

Судда Metaʼнинг собиқ муҳандиси Артуро Бежар ҳам кўрсатма берди. Унинг айтишича, маҳсулотларни ишлаб чиқиш жараёнида болалар хавфсизлиги билан боғлиқ айрим ички огоҳлантириш ва таклифларга етарлича эътибор берилмаган.

Meta айбловларни рад этмоқда

Meta вакиллари эса штатларнинг даъволарига қўшилмайди. Компания ҳимояси даъвогарлар фойдаланувчилар атайлаб чалғитилганини етарли даражада исботламаганини таъкидламоқда.

Meta ўз платформаларида ўсмирларни ҳимоя қилиш учун йиллар давомида турли хавфсизлик чораларини жорий этганини билдирмоқда. Компания, шунингдек, штатлар Facebook ва Instagram ишлаш услуби ҳамда дизайнига ҳаддан ташқари кенг ўзгартишлар киритишга ва жуда катта миқдорда молиявий товон ундиришга уринаётганини айтмоқда.

Meta учун хавф триллион долларгача етиши мумкин