Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 август куни суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган “Одил судлов – 2030” стратегиясини тасдиқлар экан, бу соҳада ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўплигини айтди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалида хабар берилди.

“Суд тизими ислоҳотлари биринчи даражада туради. Албатта, кўп нарсалар қилдик ва қиляпмиз ҳам, лекин одамлар суддан розими деган савол кўндаланг турибди. Бу адолатли саволга жавобни биргаликда излашимиз керак. Суд остонасидан кирган одам Янги Ўзбекистоннинг шаббодасини сезиб чиқиши учун ҳаракат қилишимиз керак.

Давлат ҳокимиятиниг учта устунидан биттаси – суд. Конституциявий суд адолатли ҳакам бўлиб баҳо берсин, охирги 10 йилда нима қилинди, нималарга эришамиз? Мана, [Олий судга] янги раҳбар қўйдик. Одамларнинг манфаати, одамларни рози қилиш, қадрини кўтариш нуқтайи назаридан ҳаракат қиляпмиз. Барибир ҳали қиладиган ишларимиз қилган ишимиздан кўпроқ, десак бу ҳақиқат.

Судларга борувчиларнинг 100 фоиз ишончини қозониш учун шароит яратимиз керак. 2030 йилгача замонавий суд бўлиши керак”, – деган давлат раҳбари.

“Одил судлов – 2030” стратегияси

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси қабул қилинди. Стратегия лойиҳасини давлат раҳбарига 14 август куни Олий суднинг янги раиси Робахон Маҳмудова тақдимот қилди ва шу куни имзоланган президент фармони билан, “Одил судлов – 2030” стратегияси тасдиқланди.

Унда келгуси йиллар учун жумладан қуйидаги чоралар кўзда тутилган:

  • айни бир суд ўзи чиқарган қарорни ўзи қайта кўриб чиқиши амалиётига чек қўйиш ва одамларнинг адолат излаб Тошкентга қатнашига заруратни камайтириш мақсадида, вилоят судларининг қарорларини қайта кўриш билан шуғулланувчи бешта ҳудудлараро судлар ташкил этилади;
  • одамларнинг энг кўп иши тушадиган фуқаролик судлари ҳам одамларга яқинлашиб, деярли барча туман-шаҳарларда ишлай бошлайди;
  • иқтисодий судларда низоларни тезкор ҳал этиш, тадбиркорларнинг идорама-идора сарсон бўлиши ва ҳужжатларни қайта-қайта топширишига чек қўйиш учун “иқтисодий ишларни проактив бошқариш” стандарти жорий этилади;