Президент администрацияси тўғрисида қонун
Ўзбекистонда давлат бошқаруви билан боғлиқ сўнгги йиллардаги энг жиддий қонунлардан бири қабул қилинди. “Президент Администрацияси тўғрисида”ги конституциявий қонун 14 август куни эълон қилинди ва шу кундан эътиборан кучга кирди. Қонун Администрациянинг мақоми, вазифалари ва ваколатларини белгилаб беради.
Қонунга кўра, Президент Администрацияси давлат раҳбарининг фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди; президент қарорлари ва топшириқлари ижросини назорат қилади; куч ишлатишга ваколатли тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштиради; ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқади; кадрлар сиёсатини юритади ва бошқа кўплаб вазифаларни бажаради.
Администрация раҳбарининг фармойишлари ва топшириқлари барча давлат органлари, корхона ва ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бажарилиши мажбурий деб белгиланди. Администрация раҳбарининг фармойишлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тизимида Вазирлар Маҳкамаси қарорларидан устун туради. Администрация раҳбари муҳим масалалар юзасидан президентга таҳлилий ахборотлар киритади; кадрлар бўйича қарорлар қабул қилинишида муҳим рол ўйнайди; бир вақтнинг ўзида Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари сифатида хавфсизликка оид давлат сиёсатини юритишда ҳам иштирок этади.
Қонунга биноан, Администрация мансабдорлари оила аъзолари билан бирга юқори даражадаги моддий ва ижтимоий таъминот, хавфсизлик, дахлсизлик ва иммунитет кафолатларига эга. Администрация мансабдорларини жиноий жавобгарликка тортишга, уларга нисбатан суриштирув ёки тергов ўтказишга йўл қўйилмайди. Бундай иммунитет Администрация мансабдорларида умрбод сақланиб қолади. Статус бўйича иккинчи рангдаги мулозимлар – бошқарув ходимларига ҳам қатор кафолатлар белгиланган.

Қизиғи, лавозимдан кетганидан кейин ҳам, яъни умрбод сақланиб қоладиган дахлсизлик ҳуқуқи – Администрациядаги энг таниқли мулозимларидан бири Русланбек Давлетовга насиб қилмади. Чунки у ушбу қонун имзоланишидан бир кун олдин ишдан олинган эди. 2017-2022 йилларда адлия вазири бўлган Давлетов, тўрт йилдан буён Администрацияда, президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган эди. У турли йилларда турлича йўналишлар: ижтимоий-сиёсий, диний ва ёшларга оид масалалар, шунингдек, вакиллик органлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлар бўйича давлат раҳбарига маслаҳатчилик қилиб келаётганди.
Унинг ўрнига навоийшунос олим, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Олим Давлатов Ўзбекистон президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. У охирги тўрт йилдан буён Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори лавозимида ишлаб келган. Олим Давлатов “Алишер Навоий шеъриятида Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг бадиий талқини” мавзусида PhD диссертациясини ҳимоя қилган.
Сунъий интеллектда ишланган “кўргазмали суратлар”
Мустақиллик байрами арафасида республика бўйлаб маҳаллаларни обод ва кўркам кўринишга келтириш ишлари давом этяпти. Бу жараёнда Навоий шаҳридаги ҳолат кўпчиликнинг эътиборини тортди. Гап шундаки, шаҳар ҳокимлиги Ҳаёт маҳалласида қилинган ишлар ҳақида ўз Telegram-каналида эълон қилган суратларда сунъий интеллектдан фойдаланилгани одамлар эътиборини тортди. Суратларда фасад қисми кўчиб кетган ҳовли уйлар девори бўялгани, айрим жойларда ҳатто яшил майсалар ҳам гўёки тезда униб чиқишга улгургани акс этган.

Кўп ўтмай Навоий шаҳри ҳокимлиги эълон қилинган суратлар сунъий интеллект маҳсули эканини тан олиб, жамоатчиликдан узр сўради ва “эътиборсизликка йўл қўйган” масъулларга огоҳлантириш берилганини маълум қилди. Ҳокимликка кўра, маҳалладаги ўзгаришларни “кўргазмали ва сифатлироқ форматда” тақдим этиш мақсадида сунъий интеллектдан фойдаланилган, лекин суратлар “текширувдан ўтказилмасдан” эълон қилиб юборилган. Шу билан бирга, Ҳаёт маҳалласида ҳақиқатан амалий ишлар қилинганини кўрсатиш учун ишлов берилмаган ҳақиқий суратлар ҳам тақдим этилди.
Навоий шаҳар ҳокимлигидан фарқли равишда, бошқа ҳеч қайси раҳбар “Долзарб 40 кунлик” доирасидаги номақбул ишлари учун узр сўрамади. Хусусан, бир аёлнинг уйига кириб, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситган, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузган Шаҳрисабз тумани ҳокимидан садо чиқмади. “Шармандали маҳалла” ва “Уятли хонадон” баннерлари билан машҳур бўлган Чиноз тумани ҳокими эса, агар айби бўлса, узр сўрашга тайёрлигини билдирди.
Шерзод Салиҳовнинг айтишича, маҳалла ва хонадонларга “Шармандали маҳалла” ва “Уятли хонадон” ёзувли плакатларни илиш ташаббуси унинг ўзидан чиққан, ҳеч ким унга бундай топшириқ бермаган.
“Бу – ўзимнинг ташаббусим. Йиғилиш охирида агар айтилган вазифаларни бажармасаларинг, шунақа қилинади, деб айтганман. Лекин бу ҳеч қаерда жорий қилинмади. “Шармандали маҳалла” деган баннер ёпиштирилиб, яна ўша заҳоти кўчириб олиб кетилган. Фақат ижтимоий тармоққа чиқариш учун видеога олинган. Лекин бирорта хонадонга, бирорта маҳаллага осиб қўймаганман. Шунақа бўлишини кўрсатиб, яна қайтариб олиб қўйганмиз”, – деди Чиноз ҳокими Daryo'га берган изоҳида.

Унинг айтишича, бу ҳолатни ҳар хил талқин қилаётганлар “бир кун ҳоким бўлиб ишласа, вазиятни тушунади”.
“Ҳамма ҳар хил талқин қиляпти буни. Лекин ўша талқин қилаётганлар бир кун келиб ҳоким бўлиб, халқ билан ишласа, вазиятни тушунади. Биз кимнингдир уйига тазйиқ билан кириб эмас, тушунтириб тарғибот қилдик. Буни ташвиқотнинг битта кўриниши деб қабул қилишса, менимча, тўғри талқин бўлади. Балки қайсидир жойда сал қўполлашиб кетгандирман. Беайб парвардигор. Айбимиз бўлса, узримизни сўраймиз”, – деган Салиҳов.
Чиноз тумани ҳокими “кимнингдир уйига тазйиқ билан кирмадик” деганда, Шаҳрисабздаги ҳамкасби Самад Ҳасановга ишора қилган бўлса, ажаб эмас. Эслатиб ўтамиз, Ҳасановнинг қилмиши юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тақдимнома киритган.
“Темирйўлда умуман шароит йўқ” – Улуғбек Қосимов

Автомобил йўлларимиз айрим жойларда шунчалик расвоки, одамлар додлаб юборяпти. Поездда юрай десанг, таниш-билишсиз чипта топиб бўлмайди, топганингда ҳам вагон ичида нафас олиб бўлмайди – манзилингга етгунингча касал бўлиб қоласан. Самолётда борай десанг, умуман шарманда – авиачипталар нархи икки баробар ошиб кетган. Транспорт прокуратураси, Рақобат қўмитаси каби ташкилотлар эса – томошабин.
Бу – бизнинг гапларимиз эмас, бу – Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг танқидлари. У Жарқўрғон туманига ташрифи вақтида ҳокимлар учун анча ноодатий ва танқидий нутқ сўзлаб, транспорт соҳаси масъулларининг пўстагини қоқди:
“Сурхондарё аҳолисини Тошкент билан боғловчи М-39 йўлини ҳамма яхши билиб турибди. Бойсундан ўтгандан кейин юриб бўлмайди. Таксичиларимиз, автобусчилар додлаб юборяпти. Юзига қарашга кўзимиз қолмади.
Темирйўлда умуман шароит йўқ. Вагонга минган одам Тошкентга боргунча касал бўлиб қоляпти. На совутиш тизими ишлайди, на шароит бор, на билет бор, на вокзалда шароит бор... Термиздан Сариосиёга қатнайдиган поездларда одам ташиб бўлмайди. Транспорт прокурори – томошабин. Эй, оғайни, мансабдор одам обрўни меҳнат билан олади. Умуман шароит йўқ. Қандай одам ташияпсан унинг ичида? Транспорт бошқармаси қаерга қарайди?
Авиабилетларда умуман шарманда: нархи икки баравар бўлиб кетган. Монополия деган ташкилот – томошабин. Қандай борсин камбағал одам, билет нархига қараб бўлмайди. Таниш-билишсиз билет топиб бўлмайди...
Президентимиз темирйўлдан юриб, қанча эътироз қилди? Бир ҳафта ичида шаҳар атрофи поездларини ҳам, Тошкентга қатнайдиган поездларни ҳам тўлиқ жиҳозлайсиз. Одам минадиган шароит қилиб, нима талаб қўйилган бўлса, қилиниши шарт. Билетни монополия тўлиқ таҳлил қилиб чиқсин. Компания одамларга неча пул устама қўйиб ўтирибди?
Одамларимизга раҳмат-е, индамай миниб кетиб боряпти. Студент, қари одамлар... Нафас олиб бўлмайди унинг ичида. Прокурор чиқадими унга, юраги кўтармайди, вақти йўқ... Оператив ходимларинг қаерга қараяпти? Темирйўлнинг ўзининг “СЭС” деган ташкилоти борми, қаерга қарайди?”
Сурхондарё ҳокими поездлар, вокзаллар ва аэропортлардаги шароитларни яхшилашга бир ҳафта муддат берган, шунингдек, Рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармасига “10 сўмлик чипталар сунъий тўсиқлар билан 25 сўмдан сотилаётгани, таниши борлар чипта олаётгани” билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишни буюрган. Унинг юқоридаги танқидларига темирйўл ва авиация соҳалари масъулларидан расмий муносабат бўлмади.
Шаҳвоний шилқимлик жабрланувчиларига жазо
Шаҳвоний шилқимлик билан боғлиқ судларда кўрилган иккита ҳолат охирги пайтларда жамоатчилик эътиборини тортди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам 18 ёшли қизлар шаҳвоний шилқимликка учраган, лекин қизиғи, судлар ўзини ҳимоя қилган қизларни ҳам айбдорга қўшиб жавобгарликка тортган.
Биринчи ҳолат Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида рўй берган. Спорт мактабида мураббий бўлиб ишловчи 26 ёшли эркак собиқ ўқувчиси бўлмиш 18 ёшли қизни хиёбонда учратиб қолиб, унга жинсий алоқа қилишни таклиф қилган. Бундан жаҳли чиққан қиз устози билан жанжаллашиб кетган. Судда эркак айбига тўлиқ иқрор бўлиб, шаҳвоний шилқимлик моддаси бўйича 5 суткага қамалган ва, эътиборлиси, жабрланувчи қиз ҳам жамоат жойида бақир-чақир қилгани учун майда безориликда айбланиб, 1,2 млн сўм жаримага тортилган.
Суд қарори тармоқларда танқидларга сабаб бўлгач, иш апелляцияда қайта кўриб чиқилди ва қиз ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик содир этмаган деб топилиб, жарима бекор қилинди. Сирдарё вилояти судлари хабарига кўра, мазкур иш бўйича суриштирув олиб борган профилактика инспектори ва биринчи инстанция тергов судясига нисбатан тақдимнома киритилган.
Шунга ўхшаш иккинчи ҳолат Наманган шаҳрида кузатилди. У ерда 66 ёшли эркак автобусда 18 яшар қизнинг сон қисмидан ушлаб, унга шаҳвоний шилқимлик қилган. Қиз эса бунга жавобан эркакка қўл кўтарган. Наманган шаҳар суди бу ҳолатда эркакка 824 минг сўм, қизга эса шилқимни ургани учун 206 минг сўм жарима тайинлаган. Кейинчалик апелляция суди томонидан қиз ўз ҳаракатини зарурий мудофаа ҳолатида содир этгани эътироф этилди ва тайинланган жазо бекор қилинди. Унинг сонини ушлаган эркакнинг жазоси эса оғирроғи билан алмаштирилди.
Суд тизимида нималар ўзгаради?

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси қабул қилинди. Стратегия лойиҳасини давлат раҳбарига Олий суднинг янги раиси Робахон Маҳмудова тақдимот қилди ва шу куни имзоланган президент фармони билан, “Одил судлов – 2030” стратегияси тасдиқланди.
Унга кўра, айни бир суд ўзи чиқарган қарорни ўзи қайта кўриб чиқиши амалиётига чек қўйиш ва одамларнинг адолат излаб Тошкентга қатнашига заруратни камайтириш мақсадида, вилоят судларининг қарорларини қайта кўриш билан шуғулланувчи бешта ҳудудлараро судлар ташкил этилади. Одамларнинг энг кўп иши тушадиган фуқаролик судлари ҳам одамларга яқинлашиб, деярли барча туман-шаҳарларда ишлай бошлайди. Иқтисодий судларда эса низоларни тезкор ҳал этиш, тадбиркорларнинг идорама-идора сарсон бўлиши ва ҳужжатларни қайта-қайта топширишига чек қўйиш учун “иқтисодий ишларни проактив бошқариш” стандарти жорий этилади.
Шунингдек, тергов судяларининг қамоққа олишга санкция беришни рад этиш бўйича ваколатини кенгайтириш, ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида “Прецедентлар реестри”ни юритиш, “Рақамли суд” концепцияси доирасида судларга мурожаатларнинг камида 50 фоизи электрон шаклда берилишига эришиш кўзда тутилган. Кутилаётган тартибга кўра, агар келиб тушган ариза бошқа судга тааллуқли бўлса, ариза қайтариб юборилмайди: бундай ҳолатда аризани олган суднинг ўзи уни тегишли судга йўналтириши керак.
Бундан ташқари, судяларни ҳар хил ташкилий ишлардан озод қилиш ва улар фақат одил судлов билан шуғулланишига шароит яратиш мақсадида, халқаро андозаларга мос “суд маъмурчилиги” институти жорий этиладиган бўлди. Суд аппарати ходимлари учун махсус хизмат кийими ҳам амалиётга киритилади. Хизмат кийимининг жорий этилиши – суд ходимларини осон таниб олиш имконини бериши ва уларнинг касбий масъулиятини оширишга хизмат қилиши айтиляпти.
Шавкат Мирзиёев: “Одамлар суддан розими деган савол кўндаланг турибди”
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Болага фамилия бериш тартиби ўзгартирилди. Оила кодексига шу ҳафта киритилган ўзгаришга биноан, бундан буён болага отасининг исми ҳам фамилия сифатида берилиши мумкин. Бундай ҳолатлар амалиётда учраб турган бўлса ҳам, ушбу қоида кодексда назарда тутилмаган эди. Оила кодекси бўйича, бунга қадар болага отаси ёки онасининг фамилияси берилиши, ё бўлмаса отаси ёки онаси томондан бобосининг исми бўйича фамилия қўйилиши мумкин эди. Янги тартиб эса оталарга ўз исмини фарзандига фамилия қилиб беришга рухсат беради. Мазкур қонун билан, шунингдек, хусусий архивлар фаолиятига ҳам рухсат берилмоқда.
Банкдан нақд валюта сотиб олиш тартиби либераллаштирилди. Эндиликда банклардан 500 долларгача нақд валютани паспортсиз сотиб олиш мумкин. 9 августгача бу чегара 100 доллар эди. Шунингдек, агар 500 доллардан кўпроқ нақд валюта олмоқчи бўлсангиз ёки бошқа турдаги банк хизматларидан фойдаланмоқчи бўлсангиз, энди шахсни тасдиқловчи ҳужжат албатта ёнингизда бўлиши шарт эмас: паспорт ёки ID-картанинг электрон шаклини MyGov ва “Ижтимоий карта” иловалари орқали ҳам банк ходимига тақдим этса бўлади. Эслатиб ўтамиз, жорий йил 22 майдан кучга кирган ҳукумат қарорига асосан, MyGov иловасидаги ҳужжатлар, хусусан ҳайдовчилик гувоҳномасининг электрон шаклини ички ишлар ходимлари ҳам қабул қилиши керак, лекин вазирлик бу талабни амалда бажаришни пайсалга солиб келмоқда.
Украина дронларининг Татаристонга ҳужумида 8 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Нижнекамск шаҳрига уюштирилган тунги ҳужумда дронлардан бири саноат зонасида жойлашган, қурилиш ишчилари яшаётган ҳостелга келиб урилган. Оқибатда 13 киши, хусусан 8 нафар ўзбекистонлик ва бир тожикистонлик ҳалок бўлди. Марҳум юртдошларимиз жасадлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги самолётида ватанга олиб келинди. Украина томони фуқаролик объекти бўлмиш ҳостелга қилинган ҳужум ва унинг оқибатлари юзасидан муносабат билдирмади. Kun.uz суҳбатлашган сиёсатшунослар таъкидича, расмий Киев Ўзбекистон томонига ҳамдардлик билдириши, ҳалок бўлганларнинг оилаларидан узр сўраши ва компенсация масаласини кўриб чиқиши керак.
Марказий Осиё энергетика тизимида ўзаро боғлиқ узилишлар рўй берди. 14 август куни тушдан кейин Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг қатор ҳудудларида деярли бир вақтда электр таъминоти узилиши кузатилди. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги қўшни мамлакатда рўй берган авария минтақанинг ягона энерготизимига таъсир қилгани ва аварияга қарши автоматика ишлаганини маълум қилди, аммо қайси мамлакат ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмади. Қозоғистон томонига кўра, минтақавий блэкаут Қирғизистондаги Тўхтағул ГЭСда иккита генераторнинг ўчиши билан боғлиқ бўлган. Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари муаммо сабабларига аниқлик киритаётганини билдирди.









