Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон Ҳўрмуз бўғози устидан “тўлиқ назорат” ўрнатганини билдирди
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) нефт ва газ ташиш учун ҳал қилувчи денгиз йўли ҳисобланадиган Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ назорат қилаётганини даъво қилмоқда.
Фото: Reuters
“Айни пайтда Ҳўрмуз бўғози Ислом Республикаси ҳарбий-денгиз кучлари тўлиқ назорати остида”, — деди мамлакат денгиз кучлари вакили Муҳаммад Акбарзода. Бу баёнот 4 март, чоршанба куни Эроннинг Fars ахборот агентлигида эълон қилинди.
Унинг айтишича, ушбу йўлак орқали ўтишга уринган ҳар қандай кема Эрон ракеталари ёки учувчисиз аппаратлари (дронлар) ҳужумига учраш хавфига эга.
Бундан олдин АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Форс кўрфазидаги энг муҳим денгиз йўли орқали ўтаётган нефт танкерларини қўриқлашга тайёр эканини билдирган. “Зарур бўлса, АҚШ ҲДК танкерларни Ҳўрмуз бўғози орқали имкони борича тезроқ кузатиб ўтишни бошлайди”, — деб ёзган у 3 март куни ўзининг Truth Social платформасида.
Шунингдек, у АҚШнинг Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC)га Форс кўрфази минтақасидаги барча тижорий кемалар учун суғурта ва кафолатлар таъминлаш бўйича топшириқ берилганини маълум қилди. АҚШ президентига кўра, бу денгиз савдосини, жумладан нефт танкерларини ҳимоя қилиш учун қилинмоқда.
Бу орада АҚШ ҳарбийлари уруш бошланганидан буён Эроннинг 17 та кемасини, жумладан бир сувости кемасини йўқ қилганини, шунингдек мамлакат ҳудудида қарийб 2000 та нишонни уриб туширганини билдирди. АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) раҳбари, АҚШ ҲДК адмирали Брэд Купер X ижтимоий тармоғида жойланган видеода: “Бугун Форс кўрфази, Ҳўрмуз бўғози ва Уммон кўрфазида Эроннинг битта ҳам кемаси қолмаган”, — деди.
Исроил ва АҚШ 28 феврал куни эрталаб Эрон ҳудудига зарба беришни бошлади. Трамп Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш нияти борлигини айтди ва Эрон армиясини қурол ташлашга, мамлакат аҳолисини эса “тақдирини ўз қўлига олишга” чақирди.
Эрон давлат ОАВ 3 март куни Эрон Қизил Ярим Ой жамияти маълумотларига таяниб хабар беришича, зарбалар натижасида мамлакатда камида 787 киши ҳалок бўлган. Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ва бир қатор юқори лавозимли куч тузилмалари вакиллари ҳалок бўлгани ҳам тасдиқланган. Эрон жавобан Исроилга ва Форс кўрфазининг бир нечта давлатларига зарба берган — у ерларда ҳам ҳалок бўлганлар бор. Теҳрон араб давлатлари билан уришмаётганини, балки минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига зарба бераётганини таъкидламоқда.
Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши уруши нефт ва газ нархларининг кескин ошишига олиб келган. Эрон ўз ҳудудига зарбалар берилганидан кейин, жаҳон нефти етказиб беришининг тахминан 20 фоизи ва СТГ (суюлтирилган табиий газ)нинг 30 фоизигача қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатнови тўхтатилишини эълон қилди. Reuters агентлиги маълумотларига кўра, Теҳрон қароридан кейин камида 150 та нефт танкери бўғоз яқинида тўпланиб қолган. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу артериядан кемалар ўтиши бутунлай тўхтаса, суткасига 10 млн баррел миқдорида танқислик юзага келиши мумкин — бу жаҳон истеъмолининг 10 фоизига тенг.