Кремл мафкурачилари Теҳроннинг йиқилишига нафақат минтақавий иттифоқчидан айрилиш, балки Ғарб билан қарама-қаршиликда бундай сценарий навбати Россияга ҳам келиши мумкинлиги призмасидан қарамоқда. Президент Путин ҳам олий раҳбарга қилинган суиқасдни жиддий қоралади. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар шу ҳақда сўз юритди.

— Эрондаги уруш ва олий раҳбарнинг ўлдирилишига Россия қандай муносабатда бўлди?

Камолиддин Раббимов: 2025 йилда журналистлар билан учрашув чоғида Владимир Путинга шундай савол берилган эди: агар имом Хоминаий АҚШ ёки Исроил томонидан ўлдирилса, бунга қандай баҳо берасиз? Путин бу саволга икки бор бир хил жавоб қайтарган: “буни ҳатто изоҳлашни ҳам, тасаввур қилишни ҳам истамайман”.

Путин психологиясини ўрганган айрим таҳлилчиларга кўра, у Муаммар Қаззофий ўлдирилишини шахсий ва сиёсий жиҳатдан оғир қабул қилган. Унинг дунёқарашида уруш бўлиши мумкин, аммо давлат раҳбарига бевосита зарба бериш номақбул ҳолат сифатида кўрилади.

Шу нуқтаи назардан, Эрон раҳбариятига таҳдидлар ҳам Кремл учун жиддий масала ҳисобланади.

Яқинда россиялик файласуф Александр Дугин ҳам кескин баёнот бериб, “агар Эрон йиқилса, кейинги навбат Россияга келади”, дея огоҳлантирди. У ҳатто Ғарб билан айрим келишувлар Россия зарарига ишлаётганини таъкидлади. Дугин расмий амалдор бўлмаса-да, Кремл мафкуравий доираларига яқин шахс сифатида тилга олинади.

Минтақавий даражада Эроннинг заифлашуви табиийки, Исроил манфаатларига мос келади. Чунки Тел-Авив Эронни ўзининг асосий хавфсизлик таҳдиди сифатида кўради.

Бироқ геосиёсий жараён фақат минтақа билан чекланмайди. Глобал миқёсда АҚШ ва Хитой ўртасидаги рақобат кучайган бир пайтда, Россия ва Эрон Пекин учун муҳим ҳамкорлар саналади. Шу контекстда Куба ва Венесуэладаги иқтисодий инқироз ҳам эътиборга лойиқ. Венесуэладан энергия оқимининг қисқариши Кубада жиддий энергетик танқисликни келтириб чиқарди: электр таъминоти чекланган, ёқилғи етишмай, айни вақтда ижтимоий инфратузилма издан чиқмоқда.

Агар Эрон ҳам жиддий заифлашса, глобал майдонда Россия ва Хитойнинг стратегик юкламаси янада ортади.

Шу боис Москва бир томондан Эронга тўлиқ ҳарбий ёрдам бера олмайди, иккинчи томондан эса вазиятни хавотир билан кузатмоқда. Украинадаги уруш Россия ресурсларини сезиларли даражада чеклаб қўйди ва Кремл учун ҳар қандай янги геосиёсий силкиниш янада мураккаб оқибатларга олиб келиши мумкин.