Маълум бўлишича, АҚШ энди чет элдан грин карта учун ариза топширган шахслардан 100 минг доллар миқдорида гаров пули талаб қилиши мумкин. Трамп маъмурияти бу янгилик устида ўйланмоқда. Катта эҳтимол билан бу администрациянинг қонуний иммиграция, айниқса имконияти чекланган чет элликларга қарши кураш чораларининг бир қисми бўлади. Жамоа бу бўйича бош қотираётгани ҳақида Wall Street Journal нашри ёзди.
Мақолада келишича, режалар билан таниш бўлган одамлар Трамп маъмуриятининг бу тизим устида бош қотираётганини тасдиқлаган. WSJ манбаларига кўра, гаров миқдори кўрсатилган миқдордан кам ёки юқори бўлиши ҳам мумкин. Давлат департаменти янги механизмни ҳозирча оз сонли мамлакатларда синовдан ўтказишни режалаштирмоқда.
Режага кўра, ариза берувчилар маблағларни фақат АҚШ фуқаролигини олгандан кейингина қайтариб ололадилар, бу жараён одатда камида беш йил давом этади. Шундай қилиб, агар грин карта эгаси кўчиб ўтгандан кейин ўзини таъминлай олмаса, депозит АҚШ расмийлари учун кафолат бўлиб хизмат қилади.
"Президент Трамп Қўшма Штатларга иммиграция қилишни истаганлар молиявий жиҳатдан ўзини ўзи таъминлаши кераклигини аниқ айтди", деган Давлат департаменти вакили Томми Пиготт.
Унинг қўшимча қилишича, Давлат департаменти Иммиграция ва фуқаролик тўғрисидаги қонунга мувофиқ баъзи виза мурожаат этувчилардан "ўзини ўзи таъминлаш учун зарур бўлган маблағларга эга эканликларини намойиш этиш учун" гаров пули тўлашни талаб қилиш ваколатларини ўрганиб чиқмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида АҚШ расмийлари грин картага ариза бериш қоидаларини янада кучайтиришди. Энди чет эл фуқаролари фақат мамлакат ташқарисидан туриб доимий яшаш учун ариза беришлари керак бўлади. АҚШ учун миллий манфаатларига мос инсонларга эса истиснолар бўлиши мумкин.











