Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси БААда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаросининг ватанга қайтишига ёрдам берди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.

Бош консулхона маълумотига кўра, У.Р. исмли фуқаро БААга ишга жойлашиш мақсадида борган. Бироқ у хорижга чиқишидан аввал Ўзбекистон Миграция агентлигига мурожаат қилмаган ва амирликка етиб боргач, мустақил равишда иш излай бошлаган.

Фуқаро ўзига муносиб иш топа олмагани сабабли молиявий қийинчиликларга дуч келган. Оқибатда унинг яшаш ва овқатланиш харажатларини қоплаш учун маблағи қолмаган. Шунингдек, Ўзбекистонга қайтиш учун авиачипта сотиб олиш имконияти ҳам бўлмаган.

Бош консулхона дипломатлари фуқаро билан суҳбатлашиб, унинг вазиятини ўрганган. Шундан сўнг унга вақтинчалик турар жой ва озиқ-овқат тақдим этилган.

Кейинчалик фуқаронинг Дубайдан Ўзбекистонга қайтиши учун зарур амалий ёрдам кўрсатилган ва у ватанга қайтарилган.

Ҳодиса муносабати билан хорижда ишлашни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларига сафардан олдин Миграция агентлигига мурожаат қилиш тавсия этилди.

Қайд этилишича, агентлик орқали хорижда расмий ва хавфсиз ишга жойлашиш, мавжуд вакансиялар ҳақида маълумот олиш, иш берувчилар билан боғланиш ҳамда зарур ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ёрдам олиш мумкин.

Дубайдаги Бош консулхона эса хорижда қийин вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларига амалдаги қонунчилик доирасида консуллик-ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилишини билдирди.