Дунёдаги энг йирик кино маълумотлар базаларидан бири ҳисобланган IMDb фойдаланувчилари баҳолари асосида энг юқори рейтингга эга 25 та филм рўйхатини эълон қилди. Рейтинг миллионлаб томошабинларнинг 10 баллик тизимда берган баҳоларига асосланади ва янги овозлар қўшилиши билан мунтазам янгиланиб туради.

Рейтинг деярли 80 йиллик жаҳон кинематографиясини қамраб олган бўлса-да, энг яхши 25 филмнинг қарийб ярми 1990-йилларда суратга олинган. Бу даврда яратилган «Шоушенкдан қочиш» (9,3), «Шиндлер рўйхати» (9,0), «Форрест Гамп» (8,8) ва «Яхши йигитлар» (Goodfellas, 8,7) каби филмлар бугунгача энг юқори баҳоланган асарлар қаторида қолмоқда.

Шунингдек, 1990-йилларда экранларга чиққан «Қўзилар сукути» (1991), «Райанни қутқариш» (1998) ва «Яшил миля» (1999) филмлари ҳам 8,6 балл билан энг яхши филмлар рўйхатидан жой олган.

Рейтингда замонавий филмлар устунлик қилса-да, классик кинолар ҳам юқори ўринларни сақлаб қолган. Топ-25 орасидаги энг қадимий филм — Фрэнк Капранинг 1946 йилда суратга олган «Бу ажойиб ҳаёт» филми бўлиб, унинг рейтинги 8,6 баллни ташкил этади. Шунингдек, Акира Куросаванинг «Етти самурай» филми ҳам худди шундай баҳога эга.

1957 йилда экранга чиққан «12 ғазабланган одам» суд драмаси IMDb рейтингида олтинчи ўринни эгаллаган. Унинг рейтинги 9,0 баллни ташкил этади ва у Ҳолливуднинг «олтин даври» филмлари орасида энг юқори натижага эришган.

XXI асрда суратга олинган филмлардан фақат олтитаси топ-25ʼга кира олган. Уларнинг учтасини Питер Жексоннинг 2001–2003 йилларда суратга олган «Узуклар ҳукмдори» трилогияси ташкил этади. Ушбу филмларнинг ўртача рейтинги 8,9 баллни ташкил қилади.

Қолган уч филм машҳур британ-америкалик режиссёр Кристофер Ноланга тегишли. Унинг «Қора рицар» (The Dark Knight, 2008) филми 9,1 балл билан умумий рейтингда учинчи ўринни эгаллаган. Шунингдек, «Бошланиш» (Inception, 2010) 8,8 балл, «Интерстеллар» (Interstellar, 2014) эса 8,7 балл билан энг яхши филмлар қаторига кирган.

Ҳозирча «Интерстеллар» IMDb топ-25 рейтингидаги энг янги филм ҳисобланади. Нашр таъкидлашича, ундан кейин Кристофер Нолан «Оппенгеймер» (2023) ва «Одиссея» (2026) каби йирик кинолойиҳаларни тақдим этиб, замонавий кинематографиядаги етакчи режиссёрлардан бири сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлаган.