Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 октябрдаги 575-сон қарори билан Ибн Сино илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган «йўл харитаси» тасдиқланди. Ҳужжатда 2030 йилда аллома таваллудининг 1050 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳам назарда тутилган.

«Ҳусайн» филми 2027 йилда намойишга тайёрланади

Филмда Ҳусайн ибн Абдуллоҳнинг табобатга муҳаббати, устозларига садоқати ва инсонпарварлиги орқали болалар учун ахлоқий намуна яратиш мақсад қилинган.

«Йўл харитаси»га кўра, филмни суратга олиш 2026 йил октябрга, монтаж, овоз бериш, мусиқий безак ва рангларга ишлов бериш ишларини якунлаш эса 2027 йил июнга белгиланган. Премьерани ҳам 2027 йил июнда ўтказиш режалаштирилган.

2027 йил сентябрда филмни кинотеатрлар, телеканаллар ва рақамли платформалар орқали томошабинларга етказиш, таълим муассасаларида намойишлар ва ижодкорлар билан учрашувлар ташкил этиш кўзда тутилган.

2028 йил мартда эса хорижий тилларда субтитрли нусхалар тайёрлаб, филмни халқаро кинофестивалларга тақдим этиш ҳамда хорижий дистрибюторлар ва стриминг платформалари билан музокаралар олиб бориш белгиланган.

Бухорода илмий-тадқиқот маркази очилади

Қарор билан Бухоро давлат тиббиёт институти ҳузурида давлат муассасаси шаклида Абу Али ибн Сино илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифи маъқулланган.

Марказ алломанинг тиббиётга оид меросини тадқиқ қилиш, илмий нашрлар ва ўқув материалларини тайёрлаш, халқаро илмий лойиҳаларда қатнашиш билан шуғулланади. Тиббиёт ходимлари ва тиббиёт тарихига қизиқувчилар учун ўқув курслари ҳамда маҳорат дарсларини йўлга қўйиш ҳам унинг вазифаларига киритилган.

Марказ Бухоро давлат тиббиёт институти биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади. Уни молиялаштиришда институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро грантлар, пулли хизматлар тушумлари ва ҳомийлик хайрияларидан фойдаланилади.

Қўлёзмалар рақамлаштирилиб, асарлар ўзбекчага таржима қилинади

2030 йилга қадар Ибн Синонинг хорижий ва маҳаллий архив-кутубхоналарда сақланаётган қўлёзмалари, асарлари ва нашрларининг рақамли нусхаларини ягона базада жамлаш режалаштирилган.