Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Уруш давом этмоқда. Трамп иттифоқчиларидан хафа

АҚШ президенти Доналд Трамп Ғарбдаги айрим иттифоқчиларини «миннатдорлик билдирмасликда» айблади. Бунга бир қанча давлатлар Ҳўрмуз бўғозида нефт танкерларини кузатиб бориш учун ҳарбий кемалар юбориш бўйича унинг талабини рад этгани сабаб бўлди.

Трамп Оқ уй тадбирида сўзга чиқиб, кўплаб давлатлар унга ёрдам беришга тайёрлигини айтганини билдирди, бироқ баъзи эски иттифоқчиларидан норозилигини яширмади.

«Баъзилар бунга жуда иштиёқманд, баъзилари эса йўқ», деди у тафсилотларга тўхталмай. «Баъзилари шундай мамлакатларки, биз уларга жуда кўп йиллар давомида ёрдам берганмиз. Биз уларни даҳшатли ташқи манбалардан ҳимоя қилдик, лекин улар унчалик иштиёқ кўрсатмади».

АҚШнинг қатор ҳамкорлари, жумладан, Германия, Испания ва Италия Эрон тўсиб қўйган стратегик сув йўлини қайта очиш учун кемалар юбориш режаси йўқлигини билдирди.

«Бизда БМТ, Европа Иттифоқи ёки НАТО томонидан берилган, Асосий қонунимиз (Конституция) талаб қиладиган мандат йўқ», деди Германия канцлери Фридрих Мерц. Шунингдек, у Вашингтон ва Исроил уруш бошлашдан олдин Германия билан маслаҳатлашмаганини қўшимча қилди.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши эса учинчи ҳафтадирки, давом этмоқда. Ҳаётий муҳим Ҳўрмуз бўғози деярли ёпиқлигича қолган. Сешанба куни эрта тонгда ҳар икки томондан ҳужумлар тўхтагани йўқ.

Исроил ҳарбийлари Теҳрон бўйлаб «Эрон инфратузилмалари»ни, шунингдек, Байрутдаги «Ҳизбуллоҳ» объектларини нишонга олаётганини маълум қилди.

Эрон эса Исроилга тунги ҳужумлар уюштириб, ҳамон узоқ масофали зарбалар бериш қобилиятини сақлаб қолганини кўрсатди. Шунингдек, у Бирлашган Араб Амирликларини ҳам нишонга олди: дрон кетма-кет иккинчи кун нефт экспорти учун муҳим порт бўлган Фужайрадаги нефт объектига зарба берди.

Душанба куни дунёдаги энг гавжум аэропортлардан бири бўлган Дубай халқаро аэропорти бир неча соатга ёпилди; Фужайрадаги нефт юклаш ишлари тўхтатилди ва Абу-Дабидаги «Шоҳ» газ конидаги ишлар ҳам дрон зарбаларидан сўнг тўхтатиб қўйилди.