Исроил фавқулодда хизматлари вакилларига кўра, Эроннинг Исроил жанубидаги ядровий объектга яқин жойлашган Арад ва Димона шаҳарларига ракета зарбалари оқибатида 160 дан ортиқ киши жароҳатланган. Жабрланганларнинг бир қисми оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.
Мавжуд маълумотларга кўра, Арадда 84, Димонада яна 78 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган.
Халқаро атом энергетикаси агентлиги Димонадан 13 километр масофада жойлашган Шимон Перес номидаги Ядро энергетикаси илмий-тадқиқот марказига қандайдир зарар етказилгани ҳақида маълумот йўқлиги ва «у ерда радиация даражаси кўтарилиши қайд этилмагани»ни маълум қилган.
Эрон давлат телевидениеси зарбалар шанба куни Натанздаги ядровий объектга қилинган ҳужумга жавоб бўлганини хабар қилган.

Шанба куни кечқурун Эрон баллистик ракеталари Исроилнинг мураккаб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан ўтиб, мамлакат жанубидаги икки шаҳарга зарба берди.
Арад шаҳрида ракета бир неча бинога жиддий шикаст етказиб, уйлар ўртасида чуқур ўра ҳосил қилган.
«Бу жуда қўрқинчли картина», – дейди тез ёрдам фелдшери Якир Талкар ва у ерда «жуда кўпчилик яралангани»ни қўшимча қилган.

Зарба оқибатида иккита кўп квартирали уйнинг ташқи деворлари тешилиб кетган.
Шу каби ракета зарбаси қўшни Димона шаҳрига ҳам берилган. Бу ерда кўп сонли ярадорлар орасида 10 ёшли бола ҳам бор. Шифокорлар унинг ҳолатини ўта оғир деб баҳолашган.
«Димонада ҳам, Арадда ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаган, аммо улар таҳдидни бартараф эта олмаган, натижада юзлаб килограммлик жанговар каллакка эга баллистик ракеталар тўғридан тўғри келиб урилган», – дея хабар берган исроиллик ўт ўчирувчилар.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам зарба жойига ташриф буюрди ва Эрон устидан шикоят қилди:
«Эрон аллақачон минглаб километрларга зарба беришга қодирлигини кўрсатди – масалан, Диего-Гарсияга. Бу тахминан 4000 километр. Ва улар масофани кенгайтиришда давом этмоқда – улар аллақачон Европага етиб боришлари мумкин.













