Swift космик телескопи 4 ноябр куни орбитадан назоратсиз чиқиб, Ер атмосферасига кирди. Ҳодиса аппарат учирилганидан 22 йил ўтгач содир бўлди. Атиги уч ой олдин эса хусусий космик аппарат обсерваторияни юқорироқ орбитага кўтариб, унинг хизмат муддатини узайтириши керак эди.
Сунъий йўлдошларни кузатиш бўйича мутахассис Жонатан Макдауэлл АҚШ Космик кучлари маълумотларига таяниб хабар беришича, массаси 1 450 килограмм бўлган обсерватория 4 ноябр куни Тошкент вақти билан соат 17:39 да Суматра оролининг шимолий қисми устида Ер атмосферасига кирган. Катта эҳтимол билан, бу ҳодиса жиддий оқибатларга сабаб бўлмаган. NASA вакиллари ҳажми кичик микроавтобусдек бўлган аппаратнинг катта қисми атмосферада ёниб кетишини олдиндан маълум қилган эди. Ёниб кетмай қолган парчаларнинг Ер юзида бирор кишига зарар етказиш эҳтимоли атиги 2 100 дан бир деб баҳоланган.
Расмий номи Swift Gamma-Ray Burst Explorer («Гамма-чақнашларни ўрганувчи Swift обсерваторияси») бўлган аппарат 2004 йил ноябрда Ер атрофи орбитасига учирилган. Дастлаб унинг миссияси икки йилга мўлжалланган бўлиб, гамма-чақнашлар — Коинотдаги энг кучли портлаш ҳодисаларини ўрганишни кўзда тутган. Swift номи қисқартма эмас: у аппаратнинг кузатув йўналишини тез ўзгартира олиш қобилиятини ифодалайди.
Бироқ обсерваториянинг илмий дастури гамма-чақнашларни кузатиш билангина чекланмаган. Swift олис ўта янги юлдузларнинг портлашлари ва атрофидаги моддани ютаётган қора туйнуклардан тортиб, Қуёш тизимидаги астероидлар ва кометаларгача бўлган турли космик жисм ҳамда ҳодисаларни ўрганган.
Аппарат дастлаб белгиланган хизмат муддати тугаганидан кейин ҳам узоқ йиллар ишлашда давом этган. Амалда у режалаштирилганидан қарийб йигирма йил кўпроқ хизмат қилган. Swift сўнгги илмий кузатувини 2026 йил 20 октябрда амалга оширган. Фаолияти давомида обсерваториянинг номи ҳам ўзгарган: 2018 йилда унга бир йил аввал вафот этган илмий дастурнинг биринчи раҳбари Нил Герелс (Neil Gehrels) шарафига Neil Gehrels Swift Observatory номи берилган.
Узоқ илмий фаолияти давомида Swift салмоқли натижаларга эришган: обсерватория 2 000 дан ортиқ гамма-чақнаш ва 1 400 та ўта янги юлдузни қайд этган. Бироқ аппаратни қутқариш бўйича кенг кўламли операция муваффақиятли амалга оширилганида, тўпланган маълумотлар ҳажми янада катта бўлиши мумкин эди.
2025 йил сентябрда NASA АҚШнинг Katalyst Space компанияси билан 30 миллион долларлик шартнома тузган. Унда роботлаштирилган космик аппаратни ишлаб чиқиш, учириш ва ундан фойдаланиш назарда тутилган эди. Бу аппарат Swift'га яқинлашиб, уни юқорироқ орбитага кўтариши ва шу орқали обсерваториянинг фаол ишлаш муддатини узайтириши керак эди.













