Польша бош вазири Доналд Туск The Washington Post газетаси суриштирувига изоҳ берди. Унда Виктор Орбан ҳукумати атрофидагилар Европа Иттифоқи мажлисларидан олинган маълумотларни Кремлга узатиб келгани айтилган.
“Орбаннинг одамлари ЕИ Кенгаши йиғилишлари ҳақида Москвага энг майда тафсилотларгача ахборот бериб тургани ҳақидаги янгилик ҳеч кимни ҳайратга солмаслиги керак. Биз буни анчадан бери гумон қилардик. Шунинг учун мен фақат ўта зарур ҳоллардагина сўзга чиқаман ва фақат керакли гапларни айтаман”, — деб ёзди поляк сиёсатчиси 22 март, якшанба куни X платформасида.
The Washington Post материалида, хусусан, Виктор Орбан ҳукумати узоқ йиллар давомида Москвага Европа сиёсатчилари учрашувлари жараёни ҳақидаги нозик маълумотлардан фойдаланиш имконини бериб келгани айтилган.
Нашр суҳбатлашган амалдаги ва собиқ европалик хавфсизлик расмийларининг сўзларига кўра, Кремл бу ахборотни икки йўл билан олган: биринчиси — ЕИ йиғилишларида иштирок этган венгриялик амалдорлар орқали тўғридан тўғри, иккинчиси эса — Россия ҳакерларининг Венгрия ташқи ишлар вазирлиги компютер тармоқларига кириб бориши орқали.
WP манбаларидан бирининг айтишича, Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ЕИ йиғилишлари орасидаги танаффусларда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга мунтазам қўнғироқ қилиб, унга “муҳокама қилинган масалалар бўйича тезкор ҳисоботлар” бериб турган ва Европа етакчилари қабул қилиши мумкин бўлган қарорлар ҳақида хабардор қилган.
“Шундай қўнғироқлар туфайли Москва кўп йиллар давомида де-факто музокаралар столи атрофида ҳозир бўлиб келган”, — деди WP суҳбатдоши.
Россия Украинага қарши тўлиқ миқёсли босқинни бошлаганидан буён Сийярто Москвага 16 марта расмий ташриф билан борган. Сўнгги ташриф 2026 йил 4 март куни бўлиб ўтган, ўшанда у Россия президенти Владимир Путин билан учрашган.
Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто The Washington Post хабарларини ёлғон деб атади ва улар гўё парламент сайловлари арафасида Петер Мадярнинг “Ҳурмат ва эркинлик” (TISZA) мухолифат партиясини қўллаб-қувватлашга қаратилганини билдирди.

















